Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар ижтимоий иллатлар ҳақида таъсирли маърузалар қилдилар

Кеча, 9 июль куни уламолар, диний соҳа ходимлари Тошкент вилоятига ташрифлари давомида Паркент, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Тошкент, Қибрай туманларидаги масжидларга ташриф буюриб, ҳудуд мўмин-мусулмонлари учун маърифий маъруза қилиб бериб, жума намозини жамоат билан адо этдилар:

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Юқори Чирчиқ туманидаги “Саксон ота”, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Паркент туманидаги “Бойқозон”, Диний идора раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Паркент туманидаги “Сирли” жоме масжидида бугунги жума маърузаси: “Порахўрлик – тараққиёт кушандаси” мавзусида таъсирли мавъиза қилиб бериб бердилар.

Ушбу сермазмун маърузаларда хусусан қуйидагилар таъкидланди: «Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз бундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.

Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада бундай дейилади: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).

Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.
Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”».

Уламоларимиз жума маърузалардан сўнг хайрли дуолар қилдилар, шунингдек, намозхонларни қизиқтирган ё ўйлантирган саволларга жавоб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1353 times

Янгиликлар

Top