Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент Ислом институтида кириш имтиҳони қандай ўтди? (Фотолавҳа)

Бугун, 29 июль куни Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши бўйича кириш имтиҳонининг Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтди. Уни институт проректори Умиджон домла Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.

Дастлаб, абитуриентлар карантин чора-тадбирларига мувофиқ, институт ҳовлисидаги имтиҳон ўтказиладиган парталарга жойлаштирилди. Кириш имтиҳони Файзуллоҳ қори Иззатиллаевнинг Қуръон карим тиловати ва устозларнинг хайрли дуолари билан бошланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида тест саволлар китоби ва жавоблар варақаси солиниб, муҳрланган махсус қоплар очилди.

Кейин тест материаллари абитуриентларга тарқатилиб, Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тестларни ечиш учун 2 соат вақт ажратилди, варақаларни тўлдириш ва бўяшга 20 дақиқа вақт қўшиб берилди.
Тест синовларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва қабул ҳайъати аъзолари кузатиб, назорат қилди.

Маълумот учун, жорий йил qabul.muslim.uz сайти орқали Тошкент ислом институтида ўқиш истагида бўлган 281 нафар, жумладан, 242 нафар йигит ва 39 нафар аёл-қизлардан, ариза келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили институт талабаси бўлган йигитлар энг юқори балл 176.3ни, энг паст балл 101.1ни, талаба аёл-қизлар эса энг юқори балл 160.6ни, энг паст балл 97.8ни тўплаган эди. 2020 йилда институтга 50 нафар йигит ва 10 нафар аёл-қиз талабаликка қабул қилинган эди.

Бу йилги имтиҳон натижалари эртага, 30 июль куни эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

Read 1410 times

Янгиликлар

Top