Ўзбекистон янгиликлари

Яхшиликнинг чегараси бўлмайди

Муносабат

Болалар уйи. Аслида Иккинчи жаҳон уруши йилларида диёримизда фашизм қирғинидан жабр кўрган ҳамда собиқ салтанатнинг турли бурчаклариданкелиб  юртимизда бошпана топган болалар учун ташкил этилган маскан. Уруш тугаганига етмиш олти йил бўлган бўлса-да, Меҳрибонлик уйи аталмиш бу масканлар фаолият кўрсатаётганининг  ўзи жуда таассуфли ҳолат.

Ўз пайтида турли миллат ва элат вакилларининг ота-она меҳридан бебаҳра қолган фарзандлари бу маскандан ростмана меҳр, эътибор, ғамхўрлик топгани рост. Орадан қанча йиллар ўтди. Ушбу маскан кимлар учундир оилавий муҳит ўрнини босувчи гўшага айланди. Яна кимдир бу ердан етарли эътибор топдими, йўқми, бунисига аниқ жавоб бериш мушкул. Сабаби, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг таълим олиши, жамиятга интеграциялашуви, уй-жой, ҳаётда зарур бўладиган касб-кор билан таъминланишида кўплаб муаммолар имкон қадар ҳал этилса-да, тўпланиб қолган масалалар ҳам ўзига яраша  эди. Бу жиҳатлар Меҳрибонлик уйида тарбия топган ўқувчиларни келгусида тайинли уй-жой билан таъминлашда, улар саломатлигини асрашда, таълимнинг келгуси босқичлари билан қамраб олишда, меҳнат бозорида эҳтиёж катта бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳамда иш билан таъминлашда, энг асосийси, бу масканлар ўғил-қизларга ҳақиқий меҳр кўрсатишда  ўзининг оғриқли изларини қолдиргани рост.

Мамлакатимизда болалар учун ташкил этиладиган ҳар қандай тадбирлар, ижодий лойиҳаларда Меҳрибонлик уйларининг  ҳам тарбияланувчилари фаол қатнашади. Бироқ тадбиру байрамлар ҳар қанча завқли, қувноқ, юксак савияда ташкил этилмасин, бу масканнинг болалари юз-кўзида ҳамиша ғамгин қиёфа зоҳир. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг нигоҳига муҳрланиб қолган мунг, назаримда, ота-она эътиборидан бенасиблик, катта ҳаёт олдидаги ноаниқликлар, мавҳумликлар,  қийинчиликларни аввалдан ҳис эта олишдек жиҳатлар билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди.

Инсоф билан айтганда, Меҳрибонлик уйларининг аҳволи буткул ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди, десак тўғри бўлмас. Қилган саховатини элга жар солишни ўзига эп кўрмайдиган ҳимматли ҳамюртларимиз, масъул ташкилотлар бир чеккада қараб тургани йўқ.  Бироқ бу соҳага эътибор бугунги шиддатли давр, тобора янгиланиб бораётган ҳаётимиздаги ўзгаришлар шиддатига жавоб бермаслигини замоннинг ўзи кўрсатди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилгани, айниқса, кейинги беш йиллар давомида бу соҳада кенг қамровли ўзгаришлар юз бераётгани нуфузли анжуманларда, хорижий нашрларда жаҳон олимлари, экспертлари, мутахасислар, халқаро ташкилотлар, қолаверса, давлат раҳбарлари томонидан доимий эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ҳеч ким кутмаган тарзда  ихтисослаштирилган тиббиёт масканлари, жамият кўзидан нари бўлган касалхоналар, қаровсиз қолган нуронийлар учун мўлжалланган масканлар ва бошқа фаолияти эътиборталаб бўлган ижтимоий объектларга ташрифи аҳолининг турли қатламларига оид муаммоларни илдизидан ўрганиш, таҳлил этиш,  уларни кенг жамоатчилик, мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этиш, камчиликларга амалий ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.  

Бугунги мураккаб ва оғир пандемия шароитида кўпчилик  ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолган бир пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзининг қатор таклифлари асосида Тошкентдаги Меҳрибонлик уйларига ташрифи, бу масканларнинг мамлакатимиздаги етакчи тузилмалар, вазирлик ва идораларга оталиққа берилиши, тарбияланувчиларнинг таълим олиши, умуман, келгусидаги ҳаёти билан боғлиқ савобли ташаббуслар, хайрли режалар юртимиздаги халқпарвар сиёсатнинг яна бир кўринишидир.


Назокат Усмонова, ЎзА

Read 1045 times

Янгиликлар

Top