Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия вакиллари зиёрат туризми бўйича тажриба алмашди

Куала-Лумпурдаги элчихонамиз кўмагида Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги вакиллари Малайзия Ислом сайёҳлик маркази (Islamic Tourism Centre – ITC) томонидан "Crescent Rating" халқаро агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган "Малайзия – мусулмон туризми учун манзил" (Muslim-Friendly Malaysia) мавзуси бўйича вебинарда иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Элчихонага кўра, тадбир давомида пандемиянинг туризм соҳасига таъсирини юмшатиш ва соҳани тиклаш истиқболлари, чегараларнинг очилиши сайин мусулмон туризм бозорининг салоҳиятини очиш, сегмент ва "ҳалол саёҳат" стандартларини ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари, жумладан, ҳалол маҳсулотларнинг мавжудлиги ва ибодат қилиш учун шароитлар мавжудлиги муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, тадбир давомида 2015 йилдан бошлаб «Crescent Rating» агентлиги томонидан ҳар йили тузилган Global Muslim Travel индексида анъанавий тарзда биринчи ўринни эгаллаб келаётган Малайзиянинг зиёрат туризми соҳасидаги тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда зиёрат туризмини тарғиб қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакатнинг бой ислом меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли ташаббуслари туфайли 2021 йилда Республика мусулмон туризмининг глобал индексида 6 поғона кўтарилиб, 16-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Ислом туризми маркази 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Марказ мезбон мамлакатда Ислом туризмини ривожлантириш бўйича маслаҳат органи вазифаларини бажаради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1121 times

Янгиликлар

Top