Ўзбекистон янгиликлари

Видеоанжуман: Ўзбекистон ва Малайзия Ислом таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия исломни англаш институти (Institute of Islamic Understanding Malaysia - IKIM) Бош директори Азизан бинти Баҳаруддин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди, унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.

Малайзия томонига ҳукуматнинг Ўзбекистоннинг илмий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги чора-тадбирлари ҳамда яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг асосий қоидалари ҳақида маълумот берилди.

Азизан бинти Баҳоруддин Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, 2020 йил 4 июнда имзоланган IKIM, Халқаро ислом академияси (ХИА), Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (ИБХИТМ) ўртасидаги ҳамкорлик шартномаларини амалга ошириш доирасида томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасидан мамнунлигини билдирди.

Хусусан, суҳбатдош қатор тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилишини қайд этди. Улар орасида ўтган йилнинг июль ойида ўзбекистонлик ҳамкорлар учун мақолаларнинг биринчи мажмуини бериш, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, IKIM ва бошқалар билан ҳамкорликда 16 июнь куни "Мотуридий таълимоти ва замонавийлик" халқаро илмий-амалий симпозиумини ўтказиш, 15 июль куни ИБХИТМ ва IKIM билан ҳамкорликда "Саҳиҳ ал Бухорий" асари, қадимий ва нодир қўлёзмаларни ўрганишга бағишланган халқаро онлайн конференцияни ўтказишдир.

Азизан бинти Баҳоруддин IKIM ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласи айни пайтда якуний босқичда эканини айтди.

Музокаралар чоғида ҳамкорликнинг кейинги режалари муҳокама қилинди ва натижада Малайзия Ислом таълим муассасалари ва Ўзбекистоннинг юқорида қайд этилган илмий-маърифий муассасалари билан ҳамкорликда қатор қўшма вебинарлар ўтказиш ҳамда қатор маънавий-маърифий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1182 times

Янгиликлар

Top