Ўзбекистон янгиликлари

ТАЙИНЛОВ: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

фахрий доктори, қироат илми устози Алижон қори янги бўлим мудири этиб тайинланди

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими мудири вазифасига Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, қироат илми устози, мударрис, серғайрат олим Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Ҳайдаров тайинланди.

Маълумот ўрнида, фазилатли устоз Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил университетнинг Эъдодия-тайёрлов бўлимини, 2001 йилда эса Санавия- бошланғич бўлимини тамомлаган.

2002–2007 йилларда Шариат ва Қонун факультетида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олган. Ҳозирда эса Ал-Азҳар университетининг Даъват факультетида таълимни давом эттирмоқда.

Қироат илми устози Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми матнлари бўйича энг мўътабар уламоларнинг ижозаларини олган. Шунингдек, у дунёдаги машҳур қироат алломаларига Аллоҳнинг каломини табаррукона ўқиб берган.

Бугунги кунда қироат олими Алижон қори дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир. У ўн хил қироат соҳиби бўлиб, 30 йиллик умрини Қуръонга бағишлаган. Қуръон таълимида минглаб шогирдларнинг устози саналади.

Ислом дини манбаларида инсон Қуръонни ўрганиши бир фазилат бўлса, уни бошқаларга таълим бериши яна бир фазилатдир. Қуръонни ўрганиш − улуғ иш. Бу одамдан қунт, истеъдод ва сабр талаб қилади.

 Ҳақ таоло ҳофизи Қуръон Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлига масъулиятли ва шарафли вазифасини муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Read 1426 times
Tagged under

Янгиликлар

Top