Ўзбекистон янгиликлари

Бугун 13 август куни юртимиз уламоларининг Жиззах вилояти бўйлаб ташрифларининг дастлабкикуни бошланди.Уламоларимизнинг учрашувлари ҳудудларга файз, кўнгилларга қувонч бағишламоқда.
Бугун қалбларга хурсандчилик киритган учрашувларнинг бири Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Унда фазилатли устоз Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли иштирок этдилар. Фахрий доктор, қироат илми устози Алижон қори “Раваллиқ” жоме масжидига ташриф буюриб, муҳтарам намозхонлар билан учрашдилар.
Устоз Алижон қори сўзларининг муқаддимасида бир нечта жума кунларини жума намозисиз ўтказган, жума намозини интизор бўлиб кутаётганмасжид аҳлига бугун яна жума намозининг ўқилиши бошланиши билан муборакбод этдилар. “Аллоҳ таоло бу умматни то қиёматга қадар Ўзининг ибодатида бардавом қилсин, ҳидоятидан айирмасин” дея дуои хайр қилдилар.
Шундан сўнг, фазилатли устоз Алижон қори Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони каримда ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида шукр қилишга тарғиб этувчи оят ва ҳадислардан намуналар келтирдилар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таолонинг юртимизга берган неъматларининг ҳисоби йўқ эканини таъкидлаб, бунинг учун ҳар куни шукрона қилишимиз шартлигини айтдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг аъзоларимизни соғлом қилгани, эшитиш, кўриш, нафас олиш каби неъматларини беминнат бериб қўйганини унутмасликка чақирдилар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таоло юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни Ўз паноҳида асрашини, уларни ҳамиша яхшиликларда бардавом этишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуотхизмати

Read 1252 times

Янгиликлар

Top