Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари ўртасида меморандум имзоланади

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари иттифоқи (Union of OIC News Agencies) сайтида «Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили Ахборот агентликлари иттифоқи қароргоҳига ташриф буюрди» сарлавҳали ахборот материали араб, инглиз ва француз тилларида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материалда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси, Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги (ИҲТ) доимий вакили Улуғбек Мақсудов ва ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи бош директори Муҳаммад Абдул Раббу ал-Ями учрашуви тафсилотлари ўрин олган.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон вакили ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида халқаро оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Иттифоқнинг ролини юқори баҳолади.

«Элчи Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш учун зарур ёрдамни кўрсатишини билдирди, - дея таъкидланади манбада. - Хусусан, у Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари ишлаб чиқилаётганини, ҳужжат яқин вақт ичида имзоланишини билдирди».

Ўзбекистон томони, шунингдек, ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқининг имкониятларини қайд этган ҳолда ўзаро алоқаларни йўлга қўйилиши мамлакатнинг бой меросини ислом оламида янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини қайд этди.

ИҲТ Ахборот агентликлари иттифоқи бош директори Муҳаммад Абдул Раббу ал-Ями Иттифоқ фолияти бўйича тақдимот ўтказди. «Тузилма ИҲТга аъзо давлатлар учун асосий медиа-платформа вазифасини бажаради. Шунингдек, ташкилот очиқлик, ошкоралик, бағрикенглик тамойилларини илгари суради, ирқчиликни рад этиш каби исломий қадриятларга асосланган медиа саноатини ривожлантиришга кўмаклашади», - дейилади нашрда.

Ахборот материалида таъкидланишича, томонлар Гендер тенглик масалаларини кенгроқ ёритиш, пандемия билан боғлиқ инқироз пайтида ОАВни қўллаб қувватлаш, электрон ОАВ ташаббусларига бағишланган ўқув-семинарларини ўтказиш хусусида ҳам фикр алмашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати

Read 982 times

Янгиликлар

Top