Ўзбекистон янгиликлари

Президент Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази беқиёс илм-маърифат марказига айланади

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча матбуотимиз тарихида илк бор “Янги Ўзбекистон” газетасида катта суҳбати эълон қилинди. Унда юртбошимиз газета бош муҳаррири Салим Дониёровнинг “Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида олдимизда турган энг устувор вазифалар нималардан иборат?” деган саволига жавоб бериш асносида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар:

“Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, – деди Президентимиз – шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади.

Янги Ўзбекистон нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий масалаларга оид ташаббусларни ҳам дадил ўртага қўймоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Яқинда мазкур резолюция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1380 times

Янгиликлар

Top