Ўзбекистон янгиликлари

Ноёб зеҳнияти ва ихтирочилик муваффақияти билан жаҳонда донг таратган ўзбек олими

Покистонда чоп этиладиган етакчи «The National Herald Tribune» газетаси саҳифасида «Улуғбек – юлдузлар ҳукмдори, Самарқанд фарзанди» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Унда Соҳибқирон Амир Темур авлодидан бўлган Улуғбек ўзининг астрономия ва математикадаги ноёб зеҳнияти ва ихтирочилик муваффақиятлари билан жаҳонда донг таратгани билан боғлиқ тарихий маълумотлар қаламга олинган.

«Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Амир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлган, у 1407 йили Самарқанд узра назоратни қайта тиклаб, салтанатнинг катта қисми, жумладан, Эрон ва Туркистон узра ҳукмронлик қилган. Улуғбек илм-фан ва санъатга меҳр қўйган эди. У мусиқачи, шоир, файласуф, ҳофиз ва моҳир овчи ҳам бўлгани баробарида астрономия ва математика бўйича нодир иқтидор эгаси эди.

1417 йили астрономия илмларини илгари суриш мақсадида Улуғбек мадраса қуришни бошлади. У ўз даврининг олий таълим маркази бўлган. Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган мазкур мадрасанинг қурилиши 1420 йили ниҳоясига етган. Улуғбек ўз даврининг энг илғор олимларини ўқитувчи вазифаларига тайинлаган.

У, шунингдек, Самарқанд ҳудудидан ташқарида тахминан 30 метр баландликда жойлашган тепаликда ўзининг расадхонасини ҳам яратган. Ушбу иншоот модерн давригача бўлган энг катта расадхоналардан бири бўлиб, жуда чиройли, мармарлар билан безатилган эди», - деб ёзади газета.

Мақолада Мирзо Улуғбек коинотшуносликда фойдаланган ноёб асбоб-ускуналар, қуёш, сайёра ва юлдузларни кузатиш борасида кашф этган ихтиролар ҳақидаги атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топгани баробарида у ўн бешинчи асрнинг энг муҳим астрономи бўлгани ҳақли равишда эътироф этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1437 times

Янгиликлар

Top