Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: «ОҚСОҚ ОТА» МАСЖИДИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Яна бир неча кунлардан сўнг юртимизда Мустақиллик байрами катта тантана қилинади. Ўзбекистон Республикаси ўз истиқлолини қўлга киритганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида турли объектлар фойдаланишга топшириляпти.

Тошкент вилоятида ҳам айём арафасида маданий-маърифий соҳа объектлари қатори масжидлар ҳам мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топшириляпти.

– Тўйга тўёна билан бориш халқимизга хос қадим қадриятдир, – дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов. – Аллоҳ таолонинг инояти билан, Мустақиллик байрами арафасида Бўка туманидаги “Оқсоқ ота” жоме масжидини фойдаланишга топшираётганимиздан беҳад шодмиз. Сўнгги йилларда намозхонлар сони ошиб, эски услубда қурилган масжидларимиз торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис мазкур масжидни ҳомийлар ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида қайта қурдик. Иншоаллоҳ, бу жоме кўп йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилади. Масжид очилишида Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвуддин домла Нортожиев ҳамда Бўка тумани ҳокими Аббосов Низомиддин ҳам қатнашганлари намозхонларни мамнун қилди.

Масжиднинг эски биноси 150 кишига мўлжалланган эди. Ёмғирли, қорли-қировли кунларга тўғри келадиган жума ва иккала ҳайит байрамида намозхонлар ибодат қилиш учун қийналиб қолишаётгани ҳам ҳақиқат эди. Янги жоме ўз бағрига 300-400 кишини сиғдира олади.

Масжидга иссиқ пол ётқизилди. Эндиликда совуқ кунларда намозхонлар мазза қилиб ибодатларни бажаришади. Яна бир муҳим жиҳат. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида масжиднинг янги биноси эксисидан 200-300 метр нарига, яъни катта йўл бўйига кўчирилди. Эндиликда сафарга чиққан юртдошларимиз бу зиё масканига кириб, ҳузур билан Аллоҳ таолога илтижолар қилишади.

Олдинги масжиднинг таҳоратхонаси йўқ эди. Янги масжидга мос тарзда замонавий таҳоратхона ҳам қурилди. Оқова сув тармоғига уланган таҳоратхонада бир вақтнинг ўзида 10-12 киши покланиши мумкин.

Аллоҳ таоло бу масжидни Ўзининг обод байтларидан қилсин. Жоменинг қурилишига ҳисса қўшган барча азизларимизга ният ва ихлосларига яраша улуғ ажрлар ато этсин.

Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Read 1656 times
Tagged under

Янгиликлар

Top