Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда 31 август – 4 сентябрь кунлари Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши ўтказилади

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов «OIC Today» журнали бош директори Толиб бин Муҳаммад Абдуллоҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«OIC Today» журнали 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, у Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Халқаро бизнес маркази гуруҳи таркибига киради. Журнал ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Мяньма ва Буюк Британияда тарқатилади.

Музокаралар чоғида Малайзия томони Ўзбекистон мустақил тараққиётининг асосий ютуқлари, шунингдек, бўлажак Президент сайловига тайёргарлик ишлари билан атрофлича таништирилди.

Бундан ташқари, суҳбатдошга 31 августдан 4 сентябрга қадар Тошкентда ўтказиладиган ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, йиллик йиғилишда ИТБга аъзо мамлакатларнинг молия, иқтисодиёт, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик учун масъул ҳукумат аъзолари ва вазирлари, Марказий банклар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари, шунингдек, кўп томонлама ривожланиш банклари, халқаро ривожланиш ташкилотлари, бизнес, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манфаатдор томонларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этиши маълум қилинди. Йиллик анжуманда жами 2000 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

COVID-19 шароитида барқарорликни ошириш, глобал иқтисодий тикланишнинг йўли сифатида барқарор қўшилган қиймат занжирларини тиклаш, ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва бошқа қатор долзарб мавзулар кўтарилади. Шунингдек, ИТБ ҳузуридаги Трансформация жамғармаси томонидан турли соҳаларда «Эртанги кун инновациялари» тақдимоти ташкил этилади.

Толиб Абдуллоҳ Ўзбекистонда иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, «OIC Today» журнали республиканинг Куала-Лумпурдаги дипломатик миссияси билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар натижасида «OIC Today» журналида Ўзбекистон ҳақидаги материалларни чоп этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1235 times

Янгиликлар

Top