Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда ўтказилган Ислом тараққиёт банкининг 46-йиллик йиғилиши якуни бўйича маълумот берилди

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида 4 сентябрь куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши ўз ишини якунлади. Шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида 2-4 сентябрь кунлари ўтказилган қатор юқори даражали музокаралар, келишувлар ва якуний натижалар бўйича маълумот берилди.

Мусулмон дунёсининг ААА рейтингига эга Ислом тараққиёт банки (ИТБ) йиғилиш якуни бўйича аъзо мамлакатлар ўртасида пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзоланганини эълон қилди. Шундан 330 миллион АҚШ долларига тенг маблағ мамлакатимиз манфаатлари йўлида сарфланади.

Анжуманда Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси ишга туширилганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Саудия Aрабистонининг хусусий сектори иштирокчилари ўртасидаги 100 миллион AҚШ доллари миқдоридаги стратегик ҳамкорликдир. Қолаверса, бу мамлакатнинг биринчи ижтимоий трансформацион инвестициялар жамғармаси ҳисобланади.

– 100 миллион долларлик жамғарма, шундан 20 миллион доллари ИТБ томонидан ажратилган бўлиб, йирик, ўрта ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали 100 минг иш ўрни яратишга қаратилган. Жамғарма Ўзбекистонда 102 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиши, 34 мингдан зиёд кичик ва ўрта корхоналар, ижтимоий тадбиркорлар ва кооперативларни қўллаб-қувватлаши ҳамда камбағалликка қарши курашдаги ҳаракатларни тўлдиради, – деди ИТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида янги жамғарма ишга туширилиши мамлакат тараққиётига ва иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишига ишонч эканини таъкидлади.

ИТБнинг Тошкент анжуманида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик ҳудудларини иқтисодий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги йирик сармоялар ҳам тасдиқланди. ИТБ, шунингдек, даволаш марказларини жиҳозлаш ва тиббий таълимни кенгайтириш орқали Ўзбекистонда онкологик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга бағишланган лойиҳанинг иккинчи босқичини молиялаштириш тўғрисида келишув имзоланди.

ИТБ Ўзбекистонга ислом банки ва молия соҳасини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун 265 минг AҚШ доллари миқдорида техник ёрдам кўрсатади. Таълим соҳаси ҳам четда қолмади, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси билан ислом ривожланиш смарт синфи яратиш лойиҳаси бўйича 51 минг 535 AҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланди.

Анжуманда COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган глобал етказиб бериш занжиридаги узилишлар ривожланаётган мамлакатлар учун муаммога айлангани яна бир бор қайд этилди. Асосий товарлар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетди, бу эса импортга қарам мамлакатларнинг иқтисодий тикланишини хавф остига қолдирди.

Шу боис Савдони молиялаштириш бўйича Ислом корпорацияси (СМИК) стратегик товарлар, жумладан, энергия ташувчилари ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қўллаб-қувватлаш учун бир нечта мамлакатга савдо молиялаштирилишини тақдим этадиган бўлди. Комор ороллари иттифоқи кейинги уч йил мобайнида озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни қўллаб-қувватлаш учун 392 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ олади.

Буркина-Фасо нефтни қайта ишлашда мамлакатнинг энергетика сектори учун 100 миллион АҚШ доллари олади. Савдони молиялаштириш бўйича Ислом корпорацияси, шунингдек, Гвинея ва Малдив ороллари билан ҳам ўхшаш келишувлар имзоланиб, уларга тегишлича 100 миллион ва 75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ёқилғи ва озиқ-овқат товарлари импорти учун ажратиладиган бўлди.

ИТБ бошқа иштирокчи мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ҳам йирик лойиҳаларни молиялаштиради. Жумладан, Банк Бенинда умумий қиймати 150 миллион AҚШ доллари бўлган иккита йирик лойиҳага маблағ ажратади.

Биринчиси Бениннинг 2025 йилгача соғлиқни сақлаш бўйича умумий қамровни қўллаб-қувватлаш учун бўлса, иккинчиси сув тошқини хавфини камайтириш учун пойтахт Cотонуда бўронли дренаж тизимини модернизация қилишдир.

Шундай қилиб, ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши ўз ниҳоясига етди. Банк кенг кўламли лойиҳаларни имзолаш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва шериклик муҳитини яратиш майдончасига айланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 859 times

Янгиликлар

Top