Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков: Аллоҳ таолога бандаларнинг севимлироғи – мусибат келганда сабр, неъмат берилганда шукр қиладиганидир

Хабар берганимиздек, бугун юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сафар давомида илк ташрифни Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидидан бошлади.
Дастлаб жамоат пешин намозини адо этди. Шундан сўнг устоз масжид қавмига маърифий маъруза қилди.

Ҳомиджон домла маъруза давомида йиғилганларга диний соҳа раҳбарлари ва Диний идора жамоасининг салом ва дуоларини етказди. Кейин масжид аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилди. Сўнгра динимизда шукроналик масаласига алоҳида тўхталиб, таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи бандалардан қилсин!

Маърифий суҳбат савол-жавобларга уланиб кетди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1274 times

Янгиликлар

Top