Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков: Роббисини зикр қиладиган ва қилмайдиганлар гўёки тирик ва ўлик кабидир

Навоий вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Қизилтепа туманига ташриф буюриб, аср намозини “Тошмасжид” жомесида жамоат билан адо этди, сўнг масжид қавмига “Зикрнинг фазилати”, “Оила муқаддас даргоҳ”, “Шукроналик” мавзуларида илмий-маърифий суҳбат қилиб берди.

Суҳбат асносида динимизда тарғиб қилинган, савобли ва Парвардигорга севимли амаллардан бири – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, уни ҳамду санолар билан эслаб ёд этиш экани таъкидланди. Зеро, Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш бандага дунё ва охиратда кўплаб фойдалар келтиради.

Биринчидан, банда Аллоҳ таолони зикр қилиш билан Роббисининг илоҳий буйруғини бажарган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси 41-42-оятлар).

Иккинчидан, Аллоҳ таоло мағфират ва улуғ ажр ваъда қилган эркак ва аёллардаги бир нечта сифатлардан бир сифатга эга бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилувчи киши ва зикр қилмайдиган кишини қуйидагича тасвирлайдилар: “Роббисини зикр қилувчи ва Роббисини зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик ва ўлик кабидир” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охиратда ютуққа эришиш мусобақасида ғолиб бўлувчилар Аллоҳ таолонинг зикрини кўп қилувчи мўмин ва мўминалардир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Муфарридлар пешқадам бўлдилар”. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Муфарридлар кимлар?”, дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар”, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло барчамизни кўп зикр қилувчи бандаларидан қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

Маърифий суҳбат давомида масжид қавми саволларига жавоб олди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1023 times

Янгиликлар

Top