Ўзбекистон янгиликлари

“Увайсий” маҳалла маркази

Юнусобод тумани 19-мавзеида жойлашган “Увайсий” маҳалла маркази 13 та кўп қаватли уй, 32 гектардан ортиқ ер майдонини ўз ичига олади, унда 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Ушбу маҳаллага Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг сентябрь ойида ташриф буюриб, бу маҳаллани “Замонавий маҳалла” намунавий лойиҳаси асосида бунёд этиш, ободонлаштириш ишларини ўтказиш юзасидан топшириқ ҳамда кўрсатмалар берган эдилар. Қисқа муддат ичида маҳаллада таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Олти ой ичида “Увайсий” маҳалла марказида маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун хоналар, қариялар учун дам олиш хонаси, замонавий жиҳозлар ҳамда компьютерлар билан таъминланган кутубхона, соябонлар, болалар ўқув маркази ҳамда дам олиш майдонлари, ўриндиқлар, болалар учун спорт майдончаси, фавворалар, гўзаллик салони, савдо шохобчаси, нонвойхона қуриб битказилди, аҳоли фойдаланишига топширилди.

Бу каби бунёдкорлик, яратувчанлик, ташаббускорликларнинг барчаси одамларнинг ҳаётидан мамнун, жамиятдан рози бўлиб яшашига қаратилгани янада қувонарлидир.  

Айниқса,  маҳаллада кутубхонанинг фаолият юритиши ёшларда китоб мутолаасига рағбат уйғотишда, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу кутубхона замонавий жиҳозлар, икки мингдан ортиқ турли мавзулардаги адабиётлар ҳамда компьютерлар билан таъминланган. Компьютерлар орқали интернет тармоғига уланиш ҳамда фойдали сайтларга кириш имконияти мавжуд.  

 

Кутубхонанинг юқори қисмига Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари битилган: “Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”.

Мамлакатимиз раҳбари олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида ушбу маҳаллага иккинчи бора ташриф буюриб, кутубхона фаолиятни юксак баҳолаб: “Бу кутубхонани Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг филиали сифатида ташкил этиш, кутубхоначи мутахассисини ишга олиш ҳамда кутубхонадаги китоблар базасини ҳар уч ойда янгилаб туриш лозим”, деган фикрларни билдирдилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.

Read 6412 times

Янгиликлар

Top