Ўзбекистон янгиликлари

ИХТИЛОФЛАР: сабаблар, ечимлар

«Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади...» (Анфол сураси, 46-оят) деб бандаларини низо ва ихтилофнинг оқибати ҳақида огоҳлантирган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

“Ихтилоф қилманглар! Сабаби, сизлардан олдингилар ҳам ихтилоф қилишди ва ҳалокатга учрашди” дея ўз умматларини ихтилоф ҳалокатга, Аллоҳнинг азобига олиб боришининг хабарини берган севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога батамом дуруду салавотлар бўлсин.

"Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар" китобининг муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай ёзади: "Диёримиз мусулмонлари қарийб етмиш йил мустабид тузумнинг динга қарши сиёсати остида яшадилар. Юртимиз мустақилликка эришгач, ҳаётнинг барча жабҳаларига эркинлик неъмати ато қилинди. Халқимиз ўзликни англаш, асл қадриятларни тиклаш йўлига қадам босди. Бироқ, муқаддас дийнимизни ўрганиш ва унинг таълимотларига амал қилиш осон кўчмади. Илмсизлик, динсизликнинг асоратлари юзага чиқиб, мусулмонлар ўртасида турли ихтилофлар вужудга кела бошлади. Бир юртда яшаб, бир мазҳабга амал қилиб келган мусулмонлар орасида турли низолар чиқа бошлагач, бу ихтилофларнинг сабаблари ва уларнинг ечимларини топишга кучли эҳтиёж сезилди".

Дарҳақиқат, фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг "Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар" китоби мусулмонлар орасида пайдо бўлган ихтилофларнинг ечимига бағишланган асар бўлди. Ўтган давр мазкур китобнинг нечоғли долзарб ва муҳим эканлигини амалда кўрсатди.

Аммо минг афсуски мусулмонлар бирдамлигига зарар етказаётган, улуғ мужтаҳидлар асос солган мазҳабларни тарк этишга чақираётганлар низо, тортишув ва ихтилофлари ҳануз узил-кесил барҳам топгани йўқ, балки уларнинг яна бошқа янги кўриниш ва турлари пайдо бўлиб бормоқда.

Шу сабабли, қуруқ даъводан бошқа нарсаси йўқ бўлган “бемазҳаб”ларнинг иддаоларига Қуръони карим, Ҳадиси шариф ҳамжа мазҳаб уламоларининг мўътабар манбаларига таянган ҳолда батафсил илмий раддиялар берилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг "Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар" китобларидан парчалар Сиз азиз мухлисларнинг эътиборингизга тақдим этиб боришни мақсад қилдик. Шоядки динга кўр-кўрона тақлид қиладиганларга холис насиҳат, ибодат қилишни энди бошлаётганлар учун эса амалий кўрсатма бўлиб хизмат қилса. Аллоҳ таоло барчамиз учун хайрли ва манфаатли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Muslim.uz   https://t.me/muslimuzportal

 

Read 1622 times

Янгиликлар

Top