Муҳтарам устоз ва мураббийлар! Қадрли фахрийлар!
Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир. Шу боис бугун сизларнинг шаънингизга билдираётган олижаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни бутун эл-юртимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этгайсиз.
Азиз юртдошлар!
Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.
Биз бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Масалан, беш йил олдин юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 19 минг 316 тага, тизимдаги қамров 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етди.
Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунга келиб математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Олий таълим соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги беш йилда чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллари барпо этилиб, уларнинг умумий сони 144 тага етказилгани, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради.
Жорий ўқув йилида энг замонавий талаб ва стандартлар асосида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети дастлабки талабаларни ўз бағрига қабул қилди.
Бундай янгиланиш жараёнларида устоз-мураббийларимизнинг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулияти тубдан ўзгариб, уларнинг доимий изланиб, янгиликка интилиб яшаётгани, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарам ватандошлар!
Бугунги шиддатли замон олдимизга қандай мураккаб вазифаларни қўяётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак.
Айни шу мақсадда таълим мазмунини тўлиқ янгилаш учун мамлакатимиз олимлари, тажрибали педагоглар ва хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, Миллий ўқув дастури яратилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.
Замонавий дарсликларни яратиш бўйича дастлабки натижаларга эришилиб, жорий йилда илк бор бир миллиондан ортиқ бошланғич синф ўқувчиларимиз янги дарсликлар бўйича таълим олмоқда.
Бугунги кунда олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, олийгоҳларимизни таълим ва илм-фаннинг йирик марказларига айлантириш бўйича бошлаган катта ишларимизни жадал давом эттиришимиз лозим.
Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат. Шу сабабли Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш объектив заруратга айланмоқда, деб ўйлайман.
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз.
Сиз, азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти