Ўзбекистон янгиликлари

Видеомулоқот: “Жума ал-Мажид” маркази Ўзбекистон билан илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр

Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Дубай шаҳрида жойлашган “Жума ал-Мажид” маданият ва мерос маркази ўртасида видеомулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Онлайн тадбирда Президенти маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, “Жума ал-Мажид” маркази бош директори Муҳаммад Камол, шунингдек, Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий марказларининг илмий ходим ва тадқиқотчилари иштирок этди.

Шоазим Миноваров Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталиб, уларнинг илмий мероси умумбашарий маданий мерос экани ҳамда бу бой мероснинг тадқиқ этилишида ўзаро илмий ҳамкорликнинг ўрни катталигини таъкидлади. Ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун Англашув меморандумини имзолаш ва шу асосда келгусидаги илмий ҳамкорлик йўналишларини белгилашни таклиф қилди.

Муҳаммад Камол ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, бундай мулоқотлар икки томонлама илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. Шунингдек, истиқболда кенг миқёсдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани ва тажриба алмашиш учун барча имкониятлар мавжудлигини маълум қилди.

Видеомулоқот дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1117 times

Янгиликлар

Top