Ўзбекистон янгиликлари

Туризм – Самарқанд иқтисодиётининг асосий драйвери бўлиб қолади

Самарқанд, дейилганда ҳар бир инсон аввало Регистонни, Шоҳи Зинда ёки Амир Темур ёдгорлик мажмуаларини, Ҳазрати Хизр масжиди ёки Мирзо Улуғбек расадхонасини, Хўжа Дониёр мақбараси ёки Бибихоним (Амир Темур) масжидини кўз олдига келтиради – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ЎзА билан суҳбатда. – Демоқчиманки, шаҳримиз биринчи навбатда муқаддас қадамжолари ва тарихий обидалари билан, бетакрор табиати билан дунёга машҳур ва шунинг учун ҳам Самарқандни зиёрат қилиш, бу масканда бўлишни ҳар бир инсон орзу қилади. Буни ўзи учун юксак шараф деб билади. Табиийки, бу Самарқанднинг дунё туризм марказларидан бирига айланиши, йил-ўн икки ой сайёҳлар билан гавжум бўлишининг асосий омилидир.


Шу боис кейинги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Самарқандда туризмни ривожлантириш учун ҳар қачонгидан кенг кўламда иш олиб бориляпти. Бунинг учун ажратилаётган маблағнинг ҳам, берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг ҳам қиёси йўқ. Масалан, айни пайтда шаҳар ҳудудида 14 та археология, 417 та меъморий, 36 та монументал ва 23 та диққатга сазовор маданий мерос объекти давлат рўйхатида қайд этилган ва муҳофазага олинган. Уларни асраб-авайлаш ва сайёҳларга асл ҳолича кўрсатиш, келгуси авлодларга етказиш учун республика ва маҳаллий бюджетдан ҳар йили катта маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, бу борада тадбиркорлар имкониятларидан фойдаланилмоқда.


Энди рақамларга эътибор беринг – 2019 йилда шаҳримизга 560 минг хорижий сайёҳ ташрифи кузатилган бўлса, пандемия сабабли 2020 йилда ушбу кўрсаткич 52 минг кишини ташкил этди. Бу йил карантин чекловлари юмшатилгач, тўққиз ой давомида 54 минг 500 нафар хорижий ҳамда 1 миллион 245 минг нафар маҳаллий туристлар ташрифи амалга оширилган. Бунинг барчаси шаҳарга келаётган инвестиция, иқтисодиётга тушум, дегани. Албатта, шунга мос хизмат, шароит яратиш ҳам олдимиздаги муҳим вазифа ҳисобланади.


Бугунги кунда шаҳарда меҳмонхоналар сони 160 тага, улардаги ўринлар 6569 тага етди. Бундан ташқари 100 га яқин оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Орзу Маҳмудов кўчаси гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича махсус ҳудуд сифатида белгиланиб, бу ерда турли мамлакатлар таомлари тайёрланадиган овқатланиш нуқталарини ташкил этилди. Боғибаланд маҳалласида “Анжирзор” янги туристик маскан очилди. Келгусида Боғибаланд ва Шарқ маҳаллалари “туризм маҳалласи”га айлантирилади.
Умуман, 2021-2022 йилларда умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик 44 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 1257 та янги иш ўринлари яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.


Мамлакатимизга хорижий давлатлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида визасиз режим жорий этилган мамлакатлар сони 2021 йил 1 март ҳолатига 86 тани ташкил этарди. Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги фармонига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланди. Бунинг натижасида визасиз режим жорий этилган мамлакатлар сони 90 тага етказилди.


Шунингдек, йил бошида Эрон Ислом Республикасининг «Iran Aseeman Airlines» авиакомпанияси ҳамда «Persian Gulf Tourism Holding Company» компанияси вакиллари билан учрашиб, зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдик. Самарқанд ва Эроннинг Исфаҳон шаҳри ўртасида савдо-иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни кенгайтириш, жумладан икки шаҳарлар ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш масаласини муҳокама қилиб, англашув меморандуми имзоладик. Туркиянинг Истанбул, Конья, Измир шаҳарлари билан туризм соҳасида алоқаларни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракат олиб боряпмиз. Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан жорий йилнинг 8-9 июль кунлари Португалиянинг Порту шаҳрида ўтказилган “Туризм ва шаҳарлар келажаги” ҳокимлар форумида ҳам бир қатор келишувларга эришдик.

Келгуси йилда Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда ушбу тадбирга ҳам шаҳарда қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Кўплаб кўчалар, бино ва иншоотлар реконструкция қилинмоқда. Янги йўллар, кўприклар бунёд этилмоқда. ШҲТ тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 135,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1007 times

Янгиликлар

Top