Ўзбекистон янгиликлари

“Оламларга раҳматсиз, ё Расулуллоҳ!” номли сийрат мусобақаси ўтказилди (Фотолавҳа)   

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта маҳсус ислом билим юртида «Оламларга раҳматсиз, Ё Расулуллоҳ!» деб номланган сийрат тадбири бўлиб ўтди. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари бўйича билим юрти талабалари жамоавий бахс юритишди. Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, Нукус шаҳридаги масжидлар имом-хатиблари, билим юрти устоз-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбир Қуръони Карим тиловати ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддиновнинг хайрли дуоси билан бошланди.

Қатнашувчилар қуйидаги бешта шарт бўйича билимлари ва қобилятини синовдан ўтказишди:

  1. Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи ва саллам сийратларига бағишланган савол-жавоб;
  2. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ва саллам шаклу шамоилларига бағишланган тезкор савол-жавоб;
  3. Саловат айтиш;
  4. Сардорлар беллашуви;
  5. Саҳна кўриниши (ижодий иш).

Мусобақа билим юрти ўқитувчилари томонидан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Қизиқарли савол-жавоб ва маъноли саҳна кўринишларига бой бўлган мусобақада биринчи ўринни 2-курс, иккинчи ўринни 3-курс ва учинчи ўринни 1-курс талабалари қўлга киритди.

Ғолиб жамоалар билим юртининг эсдалик совға, қимматбаҳо китоб ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Билим юрти талабалари ижро этилган ажойиб шеър, нашида ва салавотлар тадбир файзини зиёда қилди.

Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ўртасида қисқа-блиц савол-жавоб ўтказилиб, энг кўп тўғри жавоб эгалари эсдалик совға ва китоблар билан тақдирланди.

– Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ва саллам суннатларини тирилтишга ҳисса қўшадиган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларини тарғиб қиладиган, талабаларимизни илм олишга янада ундовчи бу каби тадбирларни тез-тез уюштириш зарур, – дея таъкидлади Билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддинов.

Тадбирдан сўнг қатнашувчилар байрам дастурхонига таклиф этилди.

Аллоҳ таоло юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонимизга, файзу барока ато қилсин!

Аллоҳ ва Унинг Расули Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати қалбингизни доимо тарк этмасин!

 

Адилбай ЕРЕЖЕПОВ,

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний

 ўрта маҳсус ислом билим юрти

мудир ўринбосари

 

Read 1723 times

Янгиликлар

Top