Ўзбекистон янгиликлари

Масжидлар қурилиши кўздан кечирилди

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда диний-маърифий йўналишдаги ўзгаришлар ҳам киши баҳридилини очади. Айниқса, миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида  янгидан бунёд этилаётган масжидлар юртимиз қиёфасига узукка қўйилган кўздек ярашиб тушмоқда.

Бугун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Оҳангарон туманига ташриф буюриб, “Чилқори” ва “Абдуқаҳҳор махсум” жоме масжидларининг қурилиш жараёнларини кўздан кечирдилар. Уста ва қурувчиларга зарур маслаҳат ва тавсияларини бердилар.

Албатта, масжид қуришнинг, бу хайрли ишга ҳисса қўшишнинг ажри улуғ, савоби бисёр. Буни яхши англаган саховатпеша юртдошларимиз ўзлари учун садақаи жория қилиш мақсадида Аллоҳнинг байтлари обод бўлишига ҳисса қўшишмоқда.

Жасурбек домла масжидлар қурилишида бош-қош бўлаётган, елиб-югуриб хизмат қилаётан ҳамда уста-қурувчиларга ташаккур билдириб, хайрли дуолар қилдилар.

* * *

Жума намозини ҳудуддаги “Қорахитой” жоме масжидида адо этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Ж. Раупов намоздан сўнг марказий мажидида Оҳангарон шаҳри ва тумани имом-хатиблари билан йиғилиш ўтказдилар.

Жасурбек домла Раупов икки кун аввал ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг йўл-йўриқ ва тавсиялари асосида бундан буён тизимли ишлаш, ҳар бир имом-хатиб масъулиятни ҳис этган ҳолда ўзининг функционал вазифаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтдилар.

Йиғилиш сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 1645 times

Янгиликлар

Top