Ўзбекистон янгиликлари

Диний таълим сифатини ошириш бўйича муҳим масалалар ва истиқболли режалар

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари раисликларида олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида диний таълим сифатини янада ошириш, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқбол режаларга бағишланган онлайн мулоқот ўтказилди. Унда диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва диний таълимга мутасаддилар иштирок этди.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида кўп ижобий ўзгаришлар амалга оширилгани, кенг имкониятлар яратилганини эътироф этиб, келгусида таълим-тарбия сифатини ошириш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш, такомиллаштириш ҳамда замонавий илғор тажрибаларни қўллаш масалаларига алоҳида урғу қаратдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари мударрислик мақоми жуда ҳам улуғ вазифа экани, масъулияти ҳам шунга яраша катта бўлиши, ушбу мақом эгаларининг Аллоҳнинг олдида омонатдорликлари борлиги, имом-домлаларни тайёрлаш ўта нозик ва ҳассос масала эканига катта урғу қаратдилар.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари, жумладан, 3 та олий – Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари сўзга чиқдилар.
Нотиқлар Давлатимиз раҳбари томонидан профессионал диний соҳа ходимларини тайёрлаш учун жуда кенг имкониятлар яратилаётганини сўзлаб, етишиб чиққан кадрлар бугунги мураккаб даврда мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла қондира олиши, диний таълим жараёнларида дунёвийлик ва динийликни ҳамоҳанг олиб бориш, ахборот-ресурс марказларини бойитиш, устозлар малакасини ошириш, ихтисослик фанларига урғу қаратиш ва илоҳиёт олимлари етиштиришни йўлга қўйиш каби жиҳатларга алоҳида тўхталдилар.
Амалий таклиф-ташаббуслар ва ҳаётий фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1544 times

Янгиликлар

Top