Ўзбекистон янгиликлари

Россиядан мақтов топиб қайтган имомларимиз

Таклиф ва ташриф

Россия Федерацияси Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний идораси марказий муфтиёти таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов пойтахтимиздаги “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов, “Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби Жасур Раупов, “Дўстжонбой ота” жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажонов ҳамроҳлигида маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрига бордилар.

Делегацияни Марказий муфтиёт раҳбари Равиль ҳазрат Панчеев кутиб олди. У киши ташриф учун Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовга миннатдорчилик изҳор қилди.

Меҳмонлар Равиль ҳазрат Панчеев мезбонлигида Санкт-Петербург жоме масжидида жойлашган Марказий муфтиёт идорасига келдилар. Шу ерда Санкт-Петербургда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот ўтказилди.                             

Имом-хатибларимиз Россия телеканалларида

Ўзбекистон делегацияси иштирокидаги матбуот анжумани Россия телерадиокомпаниясининг “Вести Санкт-Петербург” дастурида “Ислам против террора” сарлавҳаси остида намойиш этилди. Унда Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари Диний идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Равиль ҳазрат Панчеев ўз нутқида марҳум отаси, муфтий Жаъфар ҳазрат Тошкент ислом институтини биринчилар қатори ўқиб тугатганини мароқ билан сўзлаб бериб, “Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси ва Тошкент ислом институти етук исломшунос ҳамда кучли мутахассислар етиштирадиган беқиёс ўқув юртлари” эканини ғурур билан эътироф этди ва муфтий Равиль ҳазрат: “Ўзбекистонда олинган диний таълим ва касбий маҳорат мусулмонлар орасида олиб бориладиган тушунтириш ишларида энг таъсирчан ва энг самарали экани – тан олинган ҳақиқат”, деди. 

Имомларимиз интернет сайтлари диққат марказида

 

Делегациямизнинг Санкт-Петербургга ташрифини “Россия” телеканали билан бирга “rtr.spb.ru”, “topspb.tv”, “islamnews.ru”, “islam.ru”, ”dum-spb.ru”, “m.vk.com/dumspb” интернет сайтларида ҳам ёритиб борди.

Равиль ҳазрат Панчеев Ўзбекистон делегациясининг Санкт-Петербургга қилган ташрифи айни вақтида эканини айтди ва Ўзбекистон уламоларининг диний экстремистик оқимларга қарши курашиш услубидан ўрнак олишларини таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбарига сўз берилганда Равиль ҳазратнинг гапларини қўллаб: “Иккинчи жаҳон урушида халқларимиз XX аср вабоси бўлмиш фашизм устидан биргаликда ғалаба қозонгани каби бугунги куннинг ўткир муаммолари ечимини топишда ҳамкорлик қилишимиз ҳам давр талаби” эканини айтиб, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган хайрли ишларнинг айримларини мисол  қилиб келтирди. 

Вице-губернатор билан учрашув

 

5 май куни делегацияни Санкт-Петербург вице-губернатори Александр Говорунов қабул қилди. Вице-губернатор меҳмонларнинг ташрифидан хурсандлигини изҳор этиб, давлатимизнинг миллатлар ва динлараро бағрикенглиги, тинчлик-хотиржамлиги ва тараққиётига ҳавас қилишини яширмади. У ўз сўзида “Террорчилик ва диний экстремизмга ҳамкорликда қарши курашиш зарур” деди ва муфтий Равиль ҳазрат Панчеев ташаббуси билан Санкт-Петербургда Ислом академиясини очиш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдириб, “Академияда ўзбекистонлик мутахассисларнинг тажрибаларидан фойдаланиш зарур”лигини баён қилди.

Ўзбекистонга, ўзбек халқига ҳурмати баландлигини айтган вице-губернатор делегация аъзоларига “Религиозный мир Петербурга: Дуньёи динии Петербург. Петербургни диний дунёси. Православное христианство. Ислам” ва “Основы государственно-конфессионального этикета” китобларини совға қилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари бугун барча соҳаларда катта ислоҳотлар бўлаётгани каби, диний соҳада ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилаётганини баён қилиб, вице-губернаторга Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан “Смута ИГИЛ” ва “Ҳазрати Имом” китобларидан тақдим этди.

Суҳбат якунида Александр Говорунов меҳмонларга ташрифдан мамнун бўлганини айтиб, Санкт-Петербургда бўладиган тадбирлар учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. 

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров берган баҳо эсланди

Россия Федерацияси ҳуқуқ муҳофаза қилиш органлари, давлат идоралари раҳбарлари ва диний ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган катта анжуманда Россия Федерациясининг ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг “Ислом динига мансуб ташкилотларимиз ўз фаолиятларида Ўзбекистондан ибрат олиб, унинг Диний идораси тажрибаларини ўрганишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, аҳолисининг аксарият қисми мусулмон бўлган мамлакатлардаги диний вазиятни кўриб турибмиз. Ўзбекистондаги диний соҳа неча йиллардан бери бир маромда, осойишта тарзда бўлаётганини ҳам ҳаёт кўрсатмоқда. Охирги 7-8 йил ичида дунёда диний тусдаги нотинчликлар авжига чиқиб турган бир паллада ҳам Ўзбекистондаги диний-ижтимоий вазият барқарорлиги намуна олишга ёрқин мисол бўла олади. Бу, ўз ўрнида ўзбекистонлик уламоларнинг салоҳияти кучли, тажрибаси катта ва беқиёс эканидан далолат беради”, деган сўзларини эслаб, ўзаро ҳамдўстлик алоқаларини янада ривожлантириб бориш истагида эканини изҳор қилди. 

Имом-хатибларимиз жума маърузалари ўтказдилар

Жума намозини Санкт-Петербург жоме масжиди, “Сенная” жомеси ва Жаъфар ҳазрат Панчаев номидаги масжидларда ўтказган имом-хатибларимиз ўз маърузаларида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Дўстона муносабатлар”, “Диний бағрикенглик”, “Анъанавий ислом”, “Миллатлараро тотувлик”, “Миллий қонунларга итоаткорлик”, “ИШИД фитнасидан сақланиш”, “Турли оқимларга қарши иммунитетни шакллантириш”, “Диний қадриятлар” мавзуларига алоҳида урғу бериб ўтдилар.

"Бўрижар" жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов ҳамда "Дўстжонбой ота" жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажоновлар жума намозини Хайриддин ҳазрат имом-хатиблик қилаётган “Сенная” жомесида адо этдилар.

"Носирхон" жоме масжиди имом-хатиби Жасур Раупов Рашат Ахметхонов имом-хатиблик қилаётган Жаъфар ҳазрат Панчаев номидаги жоме масжидига борди ва жума намозининг аввалида ва намоздан сўнг йиғилган намозхонларга маъруза қилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

  Санкт-Петербург жоме масжидида Иброҳим Иномов муфтий Равиль ҳазрат Панчеев иштирокида жума намозини адо этди. Намозга ҳозир бўлган ўн мингдан зиёд намозхон билан суҳбат ўтказилди. 

Самимий учрашувлар

Муфтий Жаъфар ҳазрат Панчаев номидаги масжидга йиғилган намозхонлар билан ўтказилган суҳбатда делегация аъзолари йиғилганларга маъруза қилиб, улардан тушган саволларга батафсил жавоб бердилар. Шунингдек, “Ленинградский дворец молодёжи” биносида, “Выборгская”, “Ольгино” ва “Горский” отелларида ташкил этилган “Лахта-центр” мажмуа қурилишида хизмат қилаётган меҳнат мигрантлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Делегациямиз аъзолари жами 1300 дан ортиқ ёшлар билан «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя», «жиҳод», «ҳижрат», «такфир», «шаҳидлик», «оилавий масалалар» ва турли мавзуларда маъруза ва савол-жавоблар қилиб, уларга “Смута ИГИЛ” китоби ҳақида тушунча бердилар. Ислом жангарилари содда инсонларни юқоридаги атамалар воситасида алдаб ўз тузоғига тушириши, бу йўлда улар интернетдан, ижтимоий тармоқлардан ғоят устамонлик билан фойдаланиши ушбу асарда батафсил ёритилганини сўзлаб бердилар ва гуруҳ раҳбарларига фойдаланишлари учун мазкур китобдан тарқатдилар. 

Ўтганлар ёди муқаддас

Муфтий Равиль ҳазрат Панчеев билан бирга Иккинчи жаҳон урушида вафот этган ҳамюртларимиз дафн қилинган “Пискарёв” хотира қабристонига зиёратга бориб, Қуръон тиловат қилинди. 

Аввалги ҳамкорлик узвийлиги

Сафар давомида Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари Диний идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Абдуль-Қуддус ҳазрат телефон орқали ЎМИ делегацияси аъзоларини “Ғалаба” байрами билан самимий табриклаб, Ўзбекистонга ташрифи чоғида ЎМИ ҳамда Ўзбекистон халқи унга юксак эҳтиром кўрсатганидан жуда мамнун бўлганини изҳор этиб, ўзининг катта ташаккурларини Ўзбекистон ҳукумати, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларига етказишни сўради. 

Қалбга етган суҳбатлар

Россия Давлат гидрометеорология университетида турли миллат вакиллари бўлган талаба ёшлар билан учрашувда Ўзбекистондаги диний-ижтимоий ҳаёт тўғрисида гапириб бериб, “Диний қадриятлар”, “Анъанавий Ислом”, “Ақидапарастлик”, ”ИШИД фитнасидан эҳтиёт бўлайлик!”, “Интернетга ин қурган «ўргимчаклар»”, “Диний бағрикенглик”, “Миллатлараро тотувлик” ва “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” мавзуларида суҳбат ўтказиб, талабаларни қизиқтирган саволларга қониқарли жавоблар берилди. 

Эътироф ва тақдирлаш

Мулоқот сўнгида ўз фикрларини билдирган ҳокимлик вакиллари, депутатлар ва “Халқлар дўстлиги” уйлари раҳбарлари маърузачи меҳмонлар олдида ўзларини талабадек ҳис қилганларини ҳаяжон билан эътироф этдилар.

Учрашув ниҳоясида “Турон” минтақавий жамоат ташкилоти Санкт-Петербург шаҳри раҳбари Алижон Ҳайдаров ҳамда Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари Диний идораси марказий муфтиёти Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарларини, “Смута ИГИЛ” китоби муаллифини ва делегация аъзоларини икки халқ ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда динлараро ва миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари ҳамда ислом маърифатини тарқатишдаги самарали фаолиятлари учун ташаккурномалар билан тақдирладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Халқаро алоқалар бўлими

Read 6683 times

Янгиликлар

Top