Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, 10 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари пойтахтдаги “Сирож Солиҳ” жоме масжидига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари шу кунларда энг табаррук уламолар пойтахтимиз масжидларида мўмин-мусулмонларга суҳбат қилиб бераётганлари, имом-домлалар эса вақтли намозларда мавъизалар қилаётганларини катта неъматлардан бири эканини билдирдилар.

Маъруза асносида бугун айрим мусулмон ўлкаларда нотинчликлар бўлаётгани, муаммолар гирдобида қолаётгани ҳақида муфтий ҳазрат сўз юритиб, шундай дедилар:
– Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсонларнинг бахту саодати учун юборилган дин. Қаерда нотинчлик бўлаётган бўлса, бу диннинг эмас, балки ўша ердаги одамларнинг нуқсонидир. Буни диндан, деб билиш мутлақо нотўғри. Аслида мўмин-мусулмонлар ҳар бир ҳолатда инсониятга намуна бўлиши керак. Дин фақат масжидда, мусулмонлик эса фақат кўринишда бўлмайди. Буюк аллома Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ибодат қилиш бору, аммо чин юракдан Аллоҳнинг қули эканимизни ҳис қилиш қаерда қолди”, дея кўз ёш тўкиб маъруза қилган эканлар.

Нега мусулмон киши ғийбат қилади ёки ихтилофга боради? Агар одамлар чин мусулмон сифатида Исломнинг асл моҳиятидан узоқлашмаган ҳолда ҳаёт кечирса, энг бахтли умматга айланади, инша Аллоҳ.
Бир пайтлар ўлкамиздан Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар чиққанини ёдга олайлик. Ўша даврда ҳамма тақво билан яшаган. Инчунун, Имом Бухорийнинг оталари оламдан ўтаётган чоғларида ўзидан қолган мол-дунёни фақат фарзандларининг илмига сарфлашни васият қилган эканлар. У киши айтганларки, менинг қолдирган маблағларимда бир дирҳамига ҳам шубҳа йўқ, ҳаммаси ҳалол.

Азизлар, ҳозирги кунда одамлар орасида меҳр-оқибат камайиб кетмоқда, ўзаро муносабатларда, ҳатто қавми-қариндошлар билан бўлган муомалаларда ҳам қўполлик кўпайганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Набий алайҳиссаломдан: “Боғийлик ва сийлаи раҳмни узишдек кишига дунёда азоб-уқубатни тезлатадиган Аллоҳ таоло ҳузурида ёмон гуноҳ йўқ” (Имом Абу Довуд ривояти) деган мазмундаги ҳадиси шарифлари ворид бўлган.

Демак, ушбу икки гуноҳнинг азобини дунёю охиратда азоби қаттиқ экан. “Боғий” деб зулм қилиш, ҳаддидан ошиш, тажовуз қилиш, адолатли йўлбошчи, юртига қарши чиқишга айтилади. Бугунги кунда мана шу иллатнинг ҳуник оқибатларини дунёнинг айрим минтақаларда кузатиб турибмиз. Атрофдан кўряпмизки, айрим юртларга келаётган балоларнинг сабаби боғийлик, юрти, ватанига қарши чиқишдир. Яна бири эса қариндош-уруғдан алоқани узишдир.

Суҳбат якунида, мазкур жоме масжид намозхонларига “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоблари ҳадя қилинди ва юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2212 times

Янгиликлар

Top