Ўзбекистон янгиликлари

Олий мадраса қурилишига киришилди

2017 йил 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига қилган сафарлари чоғида Мир Араб мадрасаси мақомини янада кўтариш бўйича берган топшириқлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлишди.

Бухоро шаҳрида Олий мадрасанинг маъмурий, ўқув бинолари ва бошқа зарур иншоотлар лойиҳаси мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди. Олий мадраса биноси бугунги кун талабларига жавоб берадиган,  кенг ва ёруғ, замонавий ва миллий андозаларга мос ҳамда ахборот ресурс маркази ва махсус фанлар бўйича ўқув хоналарига эга бўлишига алоҳида аҳамият қаратилди.

Муфтий ҳазратлари юртимиздаги бундай буюк бунёдкорлик ишлар тинчлик-хотиржамлик туфайли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар. Ёшларимизни, халқимизни ана шундай катта неъматнинг шукронасини қилиб яшаш, астойдил ҳаракат қилиб, илм-маърифат, касб-ҳунар эгаллашга ундадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ахборот хизмати

Read 5637 times

Янгиликлар

Top