Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат ЕХҲТ махсус вакилини қабул қилдилар

2021 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус вакили Меҳмет Пачаджи жаноблари бошчилигидаги делегациясини қабул қилдилар.
Муфтий ҳазрат аввало меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида очиқ-ишончли ҳамкорлик ривожланиб бораётгани ҳақида сўзладилар.


Мулоқот давомида меҳмонларга юртимизда диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида сўзлаб, жумладан мўмин-мусулмонлар талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 60 та янги жоме фаолият очилгани, масжидлар сони 2099 тага етгани, диний таълим муассасалари сони эса 13 та, улардан 3 таси олий, 10 таси ўрта-махсус, 2 таси аёл-қизларга ихтисослашгани, шунингдек, илмий мактаблар фаолияти йўлга қўйилганига Муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус вакили Меҳмет Пачаджи сўзининг аввалида делегация аъзолари билан таништириб, минтақаларда мўмин-мусулмонларга яратилган шарт-шароитларни тадқиқ қилиши, ҳамроҳлари эса турли йўналишларда фаолият олиб боришларини билдирди.


Меҳмон Меҳмет Пачаджи жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, масжидлар ва мадрасалар фаолияти, мўмин-мусулмонларга яратилган қулайликлар, юртимиздаги давлат ва дин муносабатлари юзасидан ўзининг қизиқтирган саволларига муфтий ҳазратларидан жавоб олди.


Учрашув якунида меҳмонларга эсдалик совғалари ҳадя қилинди.
Меҳмонлар Тошкент ислом институти ва “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1552 times

Янгиликлар

Top