Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат: масжидга кирган одам яхши томонга ўзгариб чиқиши керак

2021 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Юсуф” жоме масжидининг янгидан бунёд этилган иншооти очилиш маросимида қатнашдилар. У кишига “Вақф” фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов ва вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ҳамрохлик қилишди.


Муфтий ҳазратнинг ташрифини эшитган сирдарёлик мўмин-мусулмонлар жоме масжидга тўп-тўп бўлиб келишди. Очилиш маросими аввалида Ҳақ таолога шукроналик сифатида жонлиқ сўйилиб, хайрли дуолар қилинди. Қуръони карим тиловат қилиниб, ўтганлар руҳи покига бағшида этилди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров жоме ҳовлисига кўчат экиш тадбирида қатнашиб, табаррукона кўчат экиб бердилар.
Шундан сўнг муфтий ҳазратлари бошчилигида йиғилганлар масжиднинг янги биносида мўмин-мусулмонларга қилинган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Кейин хонақоҳда маърифий тадбир бўлиб ўтди. Маросим аввалида бош имом-хатиб Ҳабибуллоҳ домла Зокиров муфтий ҳазратни ташриф билан қутлаб, янги вазифага тайинланганлари билан Андижон мўмин-мусулмонлари номидан муборакбод этиб, у кишини хайрли тилаклар билдирди ва сўнгра намозхонларга суҳбат қилиб беришни илтимос қилди.


Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида ўтган йили Сардоба сув омборида рўй берган фалокат натижасида ҳудуддаги «Юсуф» жоме масжиди ҳам зарур кўрган эди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди ва сахий юртдошларимизнинг кўмаги билан мазкур масжидда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борилиб якунлангани ҳақида Муфтий ҳазратлари сўзлаб, жумладан бундай дедилар:
– «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда қаср бино қилади”, деганлар. Масжидни бино қилишда қатнашган ҳамма мана шу савобга дохил бўлади, инша Аллоҳ. Кимдир моли билан, кимдир меҳнати, кимдир дуоси билан хизмат қилади.


Аслида масжидлар ортиқча безакларсиз, кишини ибодатдан чалғитмайдиган даражада оддий бўлиши керак. «Юсуф» масжиди ҳам ана шундай безакларсиз бўлгани айни муддао. Бу ерда турли ортиқча унсурлар эмас, жуда катта файз бор. Масжид одамларни ибодатдан чалғитадиган нарсалардан холи бўлиши керак. Масжид маънавият, маърифат масканига айланиши керак», – дейди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари.
Муфтий ҳазрат ўз нутқларидан сўнг масжидга Қуръони карим ва унинг таржимаси китобларини совға қилдилар. Шунингдек, масжидга Диний идора фондидан масжид молиявий қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион сўм ажратилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Яҳё қори Абдураҳмонов эса масжид қурилишига ўзининг каттаю кичик ҳиссасини қўшган барчага миннатдорчилик билдирди. Янги масжиднинг бунёд этилишида хизмат кўрсатган усталарга зарбоф чопон кийдирилди.


Якунда муфтий ҳазратлари хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот учун, “Юсуф” масжиди ҳовлиси бир гектар ерни ўз ичига олади. Унинг хонақоҳи ва айвонига 700 одам сиғади. Эҳтиёжга қараб ҳовлида ҳам ибодат жой ҳозирлашга имконият мавжуд. Баландлиги 24 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжид хонақоҳига ўзгача чирой ва файз бериб турибди. Хонақоҳга кириш учун 4 дарвоза бор. Хонақоҳ ва айвони ёнида маъмурият хоналари жойлашган. Масжид ҳовлисига мевали, манзарали кўчатлар, анвойи гуллар экилган.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2024 times
Tagged under

Янгиликлар

Top