Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Элбошини яқинлашиб келаётган байрам - Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига бардавом тараққиёт ва равнақ тилади.

Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришдаги тарихий ўрни ва улкан шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан таъкидланди.

Жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси кенгайиб бормоқда. Бугун Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувга доир муҳим дастурларни амалга ошириш фаол давом эттирилмоқда.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Read 1949 times

Янгиликлар

Top