Ўзбекистон янгиликлари

Мисрлик халқаро кузатувчи Ўзбекистон таассуротлари билан бўлишди

Қоҳира стратегик тадқиқотлар маркази веб-сайтида ушбу марказ таъсисчиси, Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш учун юртимизда бўлган Аҳмад Мусулмонийнинг сайлов жараёни ва унинг натижалари, шунингдек, мамлакатимиз ҳақидаги таассуротларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар «Дунё» АА.

Муаллиф Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатидаги иштироки, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳати тафсилотлари ҳақида сўзлаб берган.
Президент сайлови ҳақида тўхталар экан, мисрлик тадқиқотчи 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилган сайловда 5 нафар сиёсатчи давлат раҳбарлиги учун курашганини таъкидлайди.

«Мен Миср делегацияси таркибида сайлов жараёнини кузатдим.
Самарқанддаги сайлов участкаларининг бирида овоз бериш жараёнида қатнашдим. Сайловга жуда яхши даражада тайёргарлик кўрилган эди. Сайлов участкаси ичида ва ташқарисида суҳбатлашган кишиларда катта мамнуният шукуҳини ҳис қилдим», - деб ёзади Аҳмад Мусулмоний.

Нашр муаллифи Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган Усмон Мусҳафи - қадимий Қуръони каримнинг қўлёзма нусхасини зиёрат қилгани ҳақида маълум қилган.

Қоҳира стратегик тадқиқотлар маркази таъсисчиси, шунингдек, Самарқандга қилган сафарини алоҳида ҳаяжон билан эслаб ўтган.
У Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида дафн этилган буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилгани ва унинг номи билан аталадиган марказ фаолияти билан танишганини таъкидлайди. «Марказ бир нечта ажойиб бинолардан иборат бўлиб, уларнинг бирида Имом Бухорийнинг Ўзбекистондан сафарга чиқиб токи Ватанга қайтишигача бўлган саёҳат харитаси деворларда тасвирланган», деб ёзади муаллиф.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти мамлакатда диний эркинликларни тарғиб қилди. Давлат раҳбарининг изчил саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон диний эркинликка қарши бўлган давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Халқаро ҳуқуқ талабларига зид бўлган меҳнат муносабатлари бекор қилинди.

Мақолада 2016 йилда Шавкат Мирзиёев биринчи марта Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин мамлакатда амалга оширилган улкан ўзгаришлар жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу мавзуга тўхталар экан, Аҳмад Мусулмоний давлат раҳбари ўтган беш йил давомида кўплаб ютуқларга эришганини, пойтахтда ва минтақаларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари авж олгани ҳақида сўзлайди. «Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати шу даражада муваффақиятга эришдики, «The Economist» журнали 2019 йилда Ўзбекистонни «Йил мамлакати» деб эълон қилди», деб ёзади у.

Тадқиқотчи араблар ва ўзбекларни боғлаб турган жиҳатларга тўхталган. Хусусан, Қоҳирада «Ўзбекия» маҳалласи ва «Ўзбекия» боғи бор, «Мисрдаги энг машҳур китоб бозори ҳам «Ўзбекия» номи билан юритилган. Мамлакат пойтахтининг Нил дарёсига яқин ҳудудида жойлашган Маниал маҳалласида Фарғона водийсида етишиб чиққан буюк ўзбек олими, дарёга нилометр ўрнатган аллома Аҳмад Фарғоний ҳайкали ўрнатилган.

Муаллиф ўзбек ошхонаси анъаналари, миллий ресторанлардаги ўзига хос шароитлар, бундай масканларга одамларнинг оилавий ташриф буюришларига ҳам эътибор қаратган. «Анор ва гилос шарбатлари барча дастурхонлардаги доимий ичимликлар, палов эса Ўзбекистонда энг машҳур таом ҳисобланади. Одатда ўзбеклар овқатланиб бўлгач, баланд овозда, таъсирчан ва гўзал бир манзарада Аллоҳга шукроналар айтиб, дуо қиладилар», - деб ёзади мисрлик халқаро кузатувчи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1479 times

Янгиликлар

Top