Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойи муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов билан суҳбат

— Ассалому алайкум. Устоз, ҳадемай муборак Рамазон ойи бошланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси аввалги йиллардан фарқли ўлароқ ушбу мавсумга қандай туҳфалар ҳозирлади?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғам­баримизга саловоту саломлар бўлсин. Ҳар бир мўмин муборак Рамазон бошланишини соғиниб, катта тайёргарлик билан кутиб олишади. Диний идорамиз томонидан Рамазонга тайёргарлик ҳам ана шундай шукуҳ билан адо этилди.

Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “2017 йилги Рамазон ойи ва ҳайити муносабати билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. 2017 йил 18 май куни “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш, кўтаринки руҳда ўтказиш, ибодат қилувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва имом-хатибларда масъулият ҳиссини янада ошириш мақсадида” махсус буйруқ ишлаб чиқилди. Унда мусулмонларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, жойларда ифторлик ва саҳарликларни ихчам, дабдабасиз шаклда ўтказилишини эътиборга олиш, саховатпеша кишиларни хайрия тадбирларига жалб қилишга қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш каби масалалар белгилаб берилди. Масжидларда тозалик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, унда масжидлар хонақо, айвон, таҳоратхоналарига эътибор берилиб, намозхонлар учун етарли шароитлар яратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан диний идора тасарруфидаги билим юртлари ва Имом Бухорий халқаро марказида Рамазон ойини муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ишларига жиддий эътибор қаратилди. Рамазон ойи давомида педагог-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар, талабалар ва марказ тингловчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, саҳарлик ва ифторлик дастурхонларини сифатли ҳамда ўз вақтида тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.  

— Юртимиздаги нечта масжидларда хатми Қуръон ўқилиши кутилмоқда?

— Маълумки, Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари малакали диний кадрлар, имомлар, хусусан ҳофизи Каломиллоҳ бўлган қорилар етишмаслиги сабабли, қатор қийинчиликларга дуч келинар эди. Рамазон кунлари таровеҳ намозида хатм 5-6 кунда ўқилиб, намозхонларга муайян қийинчиликлар туғилар эди. Бугунги кунда, алҳамдулиллаҳ, қориларимиз етарли.

Ўтган йили Рамазонда 900 га яқин масжидларда хатм қилинган бўлса, бу йил 1000 га яқин масжидларда хатми Қуръон тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларга юртимиздан етишиб чиққан қорилар жалб қилинади.

— Ўтган йиллари ўзбекистонлик қориларнинг бошқа давлатларда ҳам Қуръони карим хатмида қатнашганди. Бу йил ҳам ўзбекистонлик қорилар чет-элга юбориладими?

— Албатта, бу анъана жорий йилда ҳам давом эттирилади. Бу йилги Рамазон ойида Россия Федерацияси ва Украина мусулмонлари ва диний идораларнинг расмий илтимосларига кўра, хатми-Қуръон ва диний маросимларни ўтказиш учун юртимиз қорилари ушбу мамлакатларга сафарбар этиладилар.

— Юртимиз уламоларининг муборак Рамазон ойларида масжидларни зиёрат қилиб, мавъиза билан иштирок этишлари бу ой тароватига ўзгача файз бахш этади. Бу йил ҳам масжидларни зиёрат қилиш режалаштирилганми?

— Бу йилги Рамазонда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Абдулҳамид Турсунов, масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва идорамизнинг бошқа ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги масжидларга бориб, мусулмонларни табриклаб, 10-15 дақиқалик мавъизалар қилишлари режалаштирилган.  

Муборак Рамазон ойи барча Юртдош­ларимизга хайрли, баракотли келсин. Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. 

Даврон НУРМУҲАММАД суҳбатлашди.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ суратга олди.

Read 8257 times

Янгиликлар

Top