Ўзбекистон янгиликлари

"Абу Ҳанифа" масжидига илк ғишт қўйилди

Хушхабар

Масжид – Аллоҳнинг байти. Бу масканни ҳар қанча обод қилсак – ярашади. Бугун юртимизда янгидан бунёд этилаётган, қайта қурилаётган масжидларни кўриб, бу хайрли ишларга ҳисса қўшаётган саховатпеша ҳомийларнинг ҳаққига хайрли дуолар қиламиз.

Навоий вилояти Хатирчи тумани Тасмачи қишлоғидаги “Абу Ҳанифа” масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман бош имом-хатиби Мустафо домла Юнусов, Навбаҳор тумани бош имом-хатиби Фазлиддин домла Тошев, “Абу Ҳанифа” масжиди имоми Қабриддин домла Сагдинов, ҳожи оталар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.

Масжиднинг эски биноси 1990 йили қурилган бўлиб, унда, айвони билан қўшиб ҳисоблаганда, 180 киши ибодат қилар эди. Аллоҳнинг инояти, истиқлол шарофати ҳамда юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида намозхонлар сафи кенгайиб, масжид торлик қилди. Шу боис жоменинг қайта қуришга киришилди.

Янги масжид ишга тушгач, бу маърифат масканида бир вақтнинг ўзида 1000 киши бемалол ибодат қила олади, Шунга мос равишда янги таҳоратхона ҳам ишлаб турибди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар» (Тавба сураси, 18-оят).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло мазкур оятда масжидларни обод қилувчиларнинг мўмин эканлигига гувоҳлик бермоқда. Ҳадиси шарифда: “Агар масжидга доимий қатнашни одат қилган кишини кўрсангиз, унинг мўминлигига гувоҳлик беринг”, дейилган» (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, “Абу Ҳанифа” масжидини ҳам мўминлар-мусулмонлар обод қилишяпти. Бу ишнинг бошида турган имом домла, ноибларга, мутаваллига, Сирожиддин ҳожи ака ва бошқа барча азизларга Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилган улуғ мукофотларни ато этсин.

Тез ва қисқа фурсатда масжиднинг мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилиши Аллоҳ таоло насиб этсин. Буюк Раббимиз ҳомийларнинг ишларига барака берсин.

Маросим сўнгида Аллоҳ учун қурбонлик қилиниб, ош тарқатилди.

 

Т.НИЗОМ

Read 1241 times

Янгиликлар

Top