Ўзбекистон янгиликлари

БМТ махсус маърузачиси: Ўзбекистоннинг “Меҳр” операциялари бошқа давлатларга муносиб ўрнак

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Миллий марказ матбуот хизматига кўра, мулоқот чоғида суҳбатдош ташкилот фаолияти билан таништирилди.

Келгуси беш йилда Миллий марказнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва унинг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорлик муносабатлари юксак босқичга кўтарилди. Бундай изчил ҳамкорлик ўзининг улкан натижаларини бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди.

Шу маънода БМТ Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги ушбу учрашув амалий алоқаларнинг мантиқий ва изчил давоми ҳисобланади. Миллий марказ инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорликдан ҳамиша манфаатдордир.

Ўз навбатида, Фионнуала Ни Аолайн ўзаро ҳамкорлик муносабатлари сўнгги бир йилдан ортиқ вақт давомида тубдан кучайганидан мамнунлигини билдирди. Ўзбекистон делегацияси 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47-сессияси, шунингдек, “Можароли ҳудудлардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация ҳамда реинтеграция қилиш” мавзусидаги семинар ишида фаол иштирок этганига юқори баҳо берди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр -1, 2, 3, 4, 5” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган беш юз нафар аёл ва бола Ўзбекистонга олиб келинди.

Ўзбекистоннинг ушбу инсонпарварлик ҳаракати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда амалга оширилди. Энг асосийси, БМТ Махсус маърузачиси таъкидлаганидек, қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларга бориб қолган аёллар ва болаларни ўз Ватанига қайтариш, ҳимоя остига олиш ҳамда жамиятга мослаштириш ишлари аввало миллий даражада ҳал этилиши жуда муҳим.

Фионнуала Ни Аолайннинг фикрича, бугунги кунда кўпгина давлатлар ўз фуқароларини можароли ҳудудлардан олиб чиқиш билан шуғулланишни истамаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси ўрнак олишга муносибдир.

Мулоқот чоғида терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Бунда Ўзбекистоннинг терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши курашиш соҳасида халқаро, минтақавий ва икки томонлама даражада миллий салоҳияти шакллангани ҳамда мустаҳкамланганига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон – халқаро терроризмга қарши курашнинг фаол иштирокчиларидан бири. Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган. Бундан ташқари, бу борада бир қанча миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган.

БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги ва халқаро ҳужжатлар қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш соҳаларида етакчи эканини эътироф этган ҳолда, ана шу юксак салоҳиятдан “терроризм” тушунчасига таъриф беришда амалий фойдаланиш таклифини илгари сурди. Бинобарин, терроризмга қарши кураш тўғрисидаги асосий конвенциялар ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тегишли резолюцияларида ушбу атамага аниқ изоҳ берилмаган.

Шунингдек, томонлар инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Терроризмнинг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларига амал қилиш, терроризм жабрдийдалари ва терроризмда айбланган маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1167 times

Янгиликлар

Top