Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг диний соҳадаги тажрибаси Россиядаги анжуманда эътироф этилди

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси вакиллари Россия мусулмонлари диний идорасининг Свердловск вилоятидаги ваколатхонаси томонидан «Мусулмон диний ташкилотлар экстремизмга қарши курашда» мавзусида ўтказилган конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Анжуман вилоятнинг Верхняя Пишма шаҳридаги Имом Бухорий номидаги масжидда бўлиб ўтди. Унда Урал федерал округидаги мусулмон диний ташкилотлар раҳбарлари, Свердловск христиан епархияси вакиллари, вилоят раҳбарияти масъул ходимлари, депутатлар, дипломатлар, ҳуқуқшунослар, араб тили ўқитувчилари ва бошқалар қатнашди.

Конференцияда «Ёшларнинг диний саводхонлигини ошириш орқали экстремизм ва радикализмга қарши курашиш», «Россиядаги мусулмон ташкилотларининг юридик саводхонлигини ошириш», «2022 йил Волгабўйи булғорларининг исломни қабул қилганига 1100 йил тўлиши муносабати билан уни муносиб равишда тантанали нишонлаш», «Россияга Марказий Осиёдан келаётган меҳнат мигрантларининг радикаллашини олдини олиш мақсадида уларга ўзининг диний амалларини бажаришлари учун шароит яратиш» мавзуларида маърузалар тингланди.

Диний-маърифий анжуманда мамлакатимиз Бош консули Абдусалом Ҳотамов «Мутаассиб-экстремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолган аҳолини мутаассиблик гирдобидан чиқариш бўйича Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги маърузасини иштирокчилар эътиборига ҳавола қилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги 5 йилда диний-маърифий соҳада ҳаётга тадбиқ этилган амалга оширилган ислоҳотлар, Яқин Шарқдаги беқарор давлатларда бўлган фуқароларни Ватанга қайтариш бўйича амалга оширилган «Меҳр» операциялари ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, анжуман қатнашчилари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишларни эътироф этди. Россия ислом уламоларининг фикрича, соф ислом таълимотини илгари суриш, аҳолини, хусусан ёшларни муқаддас динимизга ёт ғоялар ва ақидалар таъсирига тушиб қолишдан асраш, уларни миллий анъана ва қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси муҳим дастуриламал ҳисобланади.

Улар, шунингдек, ушбу тажрибадан келиб чиқиб, Россия минтақаларида, шу жумладан, Екатеринбургда ишга келаётган мусулмон мигрантларга диний амалларини бекаму-кўст адо этиши учуш шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 993 times

Янгиликлар

Top