Ўзбекистон янгиликлари

Гуллар шаҳрида улуғ ой таровати

Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилди. 

Бугунги кунда она юртимиз, Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганини, диёримизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз авваламбор Яратганимизнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда

Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 19 май куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Ушбу қарор ҳар бир фуқаро қалбини тоғдек кўтарди. Ундаги белгиланган мақсад ва вазифаларни тўла бажариш қай бир соҳада бўлишидан қатъий назар, ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоқда.

Хақиқатда муборак Рамазон ойининг кириб келиши иншааллоҳ юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этади деб умид қиламиз. Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қуръон хатмиларига қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз. Зеро, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”- деганлар.

Агар мулохаза қилсангиз мустақилликдан олдин улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Ваҳоланки ҳозирда юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.

Диний қадриятларимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз бизларга лозим бўлади. Неъматларга шукр этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амалларни бажариш ҳам муқаддас ойнинг талабларидандир.

Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш ҳам ушбу қутлуғ ойнинг фазилатидандир.

Одатда мўмин киши нима иш қилса, Аллоҳ таолонинг розилигини топишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ҳам Унинг розилигига эришиш ҳамда берилган неъматни зиёда бўлишига сабаб бўлувчи омилдир.

Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари беғуборлик билан жаранглайди. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.    

 

А.ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Read 8141 times

Янгиликлар

Top