Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Туркия элчиси билан учрашдилар

Шу йил 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Туркия элчиси Олган Бекар жаноблари билан учрашдилар.

Мулоқот аввалида муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ривож топаётгани, айниқса, диний-маърифий адабиётларни нашр этиш, биргаликда хайрия тадбирларини амалга оширишда яхши натижаларга эришилганини мамнуният ила қайд этдилар. Туркиялик дин пешволарининг Ўзбекистонга ташрифи, ўз навбатида юртимиз уламоларининг Туркия давлатига сафарлари самарали натижа бераётганига муфтий ҳазратлари катта урғу қаратдилар.

Элчи жаноблари жавоб сўзида сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик ривож топаётгани, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда манфаатли келишувларга эришилгани, айниқса, диний соҳадаги уламолар мулоқотларининг салмоғи ортиб бораётганини таъкидлади.

Элчи жаноблари сўзида давом этиб, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбош жаноблари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги Диний идора делегациясини қулай вақтда Туркия давлатига таклиф этганини билдирди.

Шунингдек, ўзаро мулоқотда Туркия диёнат ишлари бошқармаси билан ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида 30 минг ададда “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби чоп этилгани, ушбу мусҳафи шариф масжидлар, мадрасалар, имом-домлалар, талабалар, диний соҳа ходимлари ва имконияти йўқ фуқароларга бепул тарқатилгани маълум қилинди.

Учрашув якунида томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Muslim.uz

Read 1421 times

Янгиликлар

Top