Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Фарғонадаги “Аҳмаджон қори” масжиди янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар

Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Фарғона вилоятига ташрифлари давомида Фарғона шаҳрида бўлиб, “Аҳмаджон қори” жоме масжиди янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар. Маросимда уламолар, имом-хатиблар, ҳожи отахонлар ва масжид қавми иштирок этди. 

Муфтий ҳазратлари маросим давомида охирги йилларда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, обод бўлётгани, мўмин-мусулмонларга барча шароит яратилаётгани ҳақида сўзлаб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида ана шундай хайрли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса, ёшларнинг таълим-тарбияси, илм олиши бугунги кунда алоҳида эътибор қилинаётганини таъкидладилар. 

Келгусида янгидан қад ростлаётган “Аҳмаджон қори” масжиди 70 сотих майдонни ўз ичига олиб, 8 минг намозхонни ўз бағрига олади. Шунингдек, жоме бир вақтда 100 киши хизмат қиладиган замонавий таҳоратхона, автотураргоҳ ҳам ўрин олади. 

Муфтий ҳазратлари маросим давомида масжид қурилишига ўз фондларидан 20 миллион сўмлик моддий ёрдам бериш ҳақидаги сертификатни топширдилар ва мутасадди вакилларга зарур кўрсатмалар бердилар. Якунда юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига хайрли дуолар қилиб бердилар.

 

 

Read 1096 times

Янгиликлар

Top