Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа ходимларининг муҳим вазифалари баён этилди

Шу йил 16-18 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ диний соҳа раҳбарлари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган туман-шаҳар бош имом-хатиблари, отинойилар, маҳалла оқсоқоллари ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий вакиллари иштирокида самимий мулоқотлар ўтказдилар.

Муфтий ҳазратлари учрашувларда бугунги кунда имом-хатиб зиммасидаги долзарб вазифаларни сидқидилдан бажариш баробарида ўз устида мунтазам ишлаши, билим ва касб маҳоратини ошириб бориши, жамиятда ихтилофли масалалар келиб чиқишининг олдини олиши, бузғунчи тоифаларга илмий асосда раддиялар бериши, никоҳ ўқиш тартиби ва одобларига риоя этиши, аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлиши, янги пайдо бўлаётган иллатларга қарши курашиши лозимлигига урғу қаратдилар.

Шунингдек, имом-хатибларни нотиқлик, фақиҳлик ва нуктадонлик каби илм ва қобилиятларини ривожлантириш, дин пешвосига мос ва хос либос кийиш, жума маърузаларини содда ва халқчил тарзда жамоатга етказиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари келгусида Фатво бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалалардаги барча саволларига жавоб беришни қамраб олиш ва хотин-қизлар муаммоларига ҳам алоҳида эътибор берилишини баён этдилар.

Учрашувларда сўзга чиққан нотиқлар сўнги йилларда Янги Ўзбекистонга муносиб мутахассис бўлиш учун бугунги замон билан ҳамнафас бўлиш, ижтимоий тармоқлардаги халқимиз орасини бўлиш,  тушкунлик ва ношукрликка ундовчи ғаразли чиқишларга муносабат билдириш, дунёдаги воқеа-ҳодисалар, айниқса, Яқин Шарқ ва қўшни мамлакатлардаги нотинчликларни чуқур идрок этиш, ноқонуний ва ношаръий никоҳнинг зарарини кенг тарзда тушунтириш, халқимиз, айниқса, ёшларни илм-маърифатга бўлган рағбатини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, диний соҳа ходимлари ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиши, уларни зарарли таъсирлардан асраши, юз йиллар давомида ота-боболаримиз орзу қилган, биз эришган неъматларга шукр ҳиссини шакллантириш, оилавий ажримлар олдини олиш, хусусан, фарзанд тарбиясида бобо-момолар панду насиҳатларига амал қилиш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратиш кераклиги алоҳида қайд  этилди.

Мулоқотларда мамлакатимизда мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар кун сайин яхшиланиб бораётгани, масжидлардаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада бўлаётгани, юртимиз бўйлаб Қуръон ва тажвид курслари фаолияти кенгаяётгани эътироф этилди.

Учрашувлар самимий мулоқот ва ишчан руҳда ўтди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1336 times

Янгиликлар

Top