Ўзбекистон янгиликлари

Маданий мерос объектлари билан боғлиқ масала қатъий назоратга олинди

ЎзА сайтида эълон қилинган «Мутасаддилар нега жим: Фарғона вилоятидаги маданий мерос объектларидан 9 таси авария ҳолатида» деб номланган мақолада Фарғонадаги маданий мерос объектларидан 67 таси яхши, 248 таси қониқарли, 52 таси қониқарсиз, 9 таси авария ҳолатига келиб қолганлиги, шу билан бир қаторда, айрим шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан маданий мерос объектлари ва уларни чегара ҳудудларидан турли мақсадларда фойдаланишга қарор қабул қилинганлиги ҳақида сўз юритилган.

Маданий мерос агентлиги шуни маълум қиладики, жорий йилда Фарғона вилоятидаги 9 та маданий мерос объектларида республика бюджети маблағлари ҳисобидан реставрация-тиклаш ишлари амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2апрелда қабул қилинган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал, йўл ва туризм инфратузилмаларини яxшилаш, шунингдек маданий мерос объектларини консервация-реставрация қилиш ҳамда ободонлаштириш ишларини 2021-2022 йилдаги Манзилли дастурга Фарғона вилояти бўйича 10 та Маданий мерос объектлари киритилган.

Булар Олтиариқ туманидаги «Полосон» МФЙ ҳудудидаги Шермуҳаммад Охунд мажмуаси ва шу туманнинг «Зилол» МФЙ ҳудудидаги «Дўсти Худо» зиёратгоҳи тарихий биноси ва масжид қисми, Бувайда туманидаги «Бувимзор» МФЙ ҳудудидаги Биби Убайда зиёратгоҳи тарихий масжид қисми, Риштон туманидаги Хўжа Илғор МФЙ «Хўжа илғор» тарихий мадрасаларини реставрация қилиш, Учкўприк туманидаги «Сариқўрғон» МФЙ «Сариқўрғон» археология мажмуасини қайта тиклаш, консервация-реставрация қилиш, Қува туманидаги «Тошкент» МФЙдаги «Қува шаҳристони» атрофини панжара билан ўраб, «Қорахонийлар арки» ва «Аҳмад Ал-Фарғоний» водийси динлари тарихи музейини барпо этиш, консервация-реставрация ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Мўйи муборак зиёратгоҳи, Узун Ҳовуз, Миёнҳазрат мадрасаси, Худоёрхон ўрдаси биноси каби маданий мерос объектлари консервация-реставрация қилиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш бўйича қўшимча тарзда манзилли рўйхатга киритилган.

Бугунги кунгача вилоятнинг турли жойларидаги 183 та моддий-маданий мерос объектларига мухофаза белгиси ўрнатилди. Келгуси 2022 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 августдаги 131 сонли баёнига кўра Манзилли дастурга киритилган рўйхат асосида навбатдаги маданий мерос объектларига муҳофаза белгиси ўрнатилади.

Ўзбекистон Туризм ва Спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати билдиришича, асрлар оша аждодлардан авлодларга омонат бўлиб кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келинаётган маданий меросимизни эҳтиётлаб, асраб-авайлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Маданий мерос агентлиги бу каби қонунбузарлик ҳолатларини бундан кейин ҳам қатъий назоратга олади ва ишни самарали ташкил этиш учун тизимли мониторинг ўрнатган.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1242 times

Янгиликлар

Top