Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризми буюк алломалар асарлари кўргазмаси орқали тарғиб қилинмоқда

Термиз археология музейида «Сурхон маданияти дурдоналари» мавзуcида китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

ЎзА хабарига кўра, тадбир очилишида Термиз Давлат Музей қўриқхонаси илмий ходимлари, Ҳаким Термизий, Имом Термизий мажмуалари, «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят маданий мерос бошқармаси мутасаддилари, Термиз давлат университети ва Имом Термизий халқаро тадқиқот маркази қошидаги ўрта махсус Ислом билим юрти талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сурхондарё вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, Термиз археология музейи ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада кейинги йилларда мамлакатимизда ички ва ташқи зиёрат туризмини ривожлантириб, юртимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, уларнинг бой маданий-маънавий меросини дунёга кенг тараннум этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Кўплаб буюк алломаларимизнинг нодир асарлари чоп этилиб, юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилинаётгани қайд этилди.

– Президентимизнинг шу йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳани янги босқичда юксалтиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб берди, – дейди вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бош мутахассиси Ж.Худойқулов. – Шунга мувофиқ мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ҳамкорлигида воҳанинг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган муқаддас зиёратгоҳлари чет элларда кенг тарғиб қилиняпти. Зиёратчилар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Буюк алломаларимизнинг нодир асарлари нашр этилмоқда. Қизиқарли кўргазмалар ташкил этилиб, муқаддас қадамжоларни жаҳон интернет тармоғи орқали кенг тарғиб қилиш йўлга қўйилмоқда. Термизий алломаларнинг бугун кўргазмага қўйилган асарлари ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олим, алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиб, нашр эттирмоқда.

– Заминимиз азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келган, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукрулло Умаров. – Айни пайтда аждодларимизнинг илмий меросларини чуқур ўрганиб, тадқиқ этяпмиз. Улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш учун зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаяпмиз. Ўтган йилларда Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Сўфи Оллоёр каби улуғ зотларнинг илмий меросига оид 50 га яқин рисола чоп этилди. Термизийнинг аҳоли сақлаб келаётган 80 дан ортиқ нодир қўлёзма асарлари марказ кутубхонасига олинди. Бу борадаги ишлар ўтмишда яшаган буюк аждодларимизни мамлакатимиз ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш баробарида миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Кўргазмада Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан чоп этилган янги асарлар, Термиз археология музейи фондида сақланаётган ислом дини маданияти ва ислом меъморчилигини ўзида акс эттирган ноёб экспонатлар, қўлёзмалар ҳамда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» деб номланган китоб-альбом намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 999 times

Янгиликлар

Top