Ўзбекистон янгиликлари

Маданий мерос объектларига зарар етказганларга жавобгарлик белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан тегишли мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.

Депутатлар “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоизки, Илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз тарихий объектларда реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас. Лекин рухсатсиз 14 та объектда жами 12 миллиард 454,9 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. Буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари, ҳатто айрим мансабдорларнинг ўзбошимчалиги билан минг йиллик тарихга эга обидаларга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. 2017-2021 йилларда бу бўйича жами 14 та жиноят иши қўзғатилган. Aфсуски, энди йўқотилган ёки зарар етказилган объектларни асл ҳолида тиклаб бўлмайди.

Ушбу қонун лойиҳаси тарихий обидаларни сақлаш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилди ва унга жазо чораларини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Маданий мерос агентлигининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш муҳокамасида ушбу жавобгарлик фақат мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши кўрсатиб ўтилган эди. Лойиҳани маромига етказиш жараёнида унга юртимиздаги маданий мерос объектларига нисбатан фуқароларнинг ҳам жавобгарлигини белгилаш нормаси киритилди.

Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган. Шундай бўлса-да, уларни бажармаганлик учун бор-йўғи 12 нафар шахс маъмурий ва 2 нафар шахс эса интизомий жавобгарликка тортилган, холос.
ЎзА хабарига кўра, лойиҳада Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимиздаги моддий маданий мерос объектлари, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблигини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1063 times

Янгиликлар

Top