Ўзбекистон янгиликлари

Аждодлар мероси – илм чўққиларига пиллапоя

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш, халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, ўсиб келаётган авлодни азалий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги диний-маърифий ислоҳотлар, шубҳасиз, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганишга хизмат қилмоқда.

Айни ҳақиқат “Аждодлар меросининг баркамол авлод тарбиясидаги ўрни” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан чоп этилган нашрларнинг алломаларимиз илмий ва диний меросини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти ва ҳозирги глобаллашув жараёнида исломнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришда тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Иштирокчилар талаба ёшлар билан улуғ алломаларимиз, хусусан, Имом Бухорий ҳаёти ва асарлари ҳақида жонли мулоқот қилди.

Савол-жавоб тарзида ўтган қизғин мулоқот давомида ёшлар Имом Бухорий ҳа­қидаги ва ҳадисларга оид билимларини намойиш этди.

Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Муснад”, Имом Бухорийнинг “Сулосиёт ул-Бухорий”, Жалолиддин Суютийнинг “Лубоб ул-ҳадис”, Абу Бакр Розийнинг “Туҳфат ул-мулук” асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималари, шунингдек, марказ муассислигида чоп этила бошлаган “Имом Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журналининг нашрдан чиққан янги сони тақдим этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, илмий ходимларнинг кенг кўламли таржима ва китобнавислик ишлари йирик илмий натижалар сифатида марказда тадқиқот олиб бориш учун етарли шароит яратилганининг самарасидир. Янги Ўзбекистон шаклланиши даврида ташкил топган марказнинг бугунги салоҳияти эришилган ютуқлар воситасида илм ва маърифатнинг янги чўққилари сари дадил одимлашга замин ҳозирламоқда.

Тақдимотда бу каби нашрлар дин соҳасида илмий-маърифий фаолиятни янада жадал ташкил этиш ва ислом динининг софлигини сақлаш, ёт ғояларнинг ёш авлод онгини заҳарлашига йўл қўймаслигини таъминлаш нуқтаи назаридан мазкур йўналишдаги тадқиқот ишларига бўлган боқий эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди.

— Ёшларимиз илмий марказлар, нашриётлар томонидан чоп этилаётган бой маънавий асарлардан хабардор бўлиб боришлари ғоят муҳим. Чунончи, улар аждодларимизнинг илмий салоҳиятига муносиб баҳо бера олиш баробарида, улар қолдирган ноёб асарларнинг мазмун-моҳиятини ҳам чуқур англаши керак. Бунда янги нашр этилаётган китоблар, илмий журналларнинг ўрни беқиёс, — деди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Воҳид Аҳмедов.

Тадбир якунида марказ номидан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети жамоасига адабиётлар тўплами ҳадя қилинди. Мазкур адабиётлар журналистикамизнинг бўлғуси вакилларининг илмий салоҳиятини, аждодларимиз мероси ҳақидаги билимларини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021 йил 24 декабрь, 260(516) сон
Read 1291 times

Янгиликлар

Top