Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: "Кунгай" масжиди фойдаланишга топширилди

Аллоҳнинг байти – масжидларни обод қилишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайган. Чунки бу маърифат масканлари мўмин-мусулмонларнинг илмини ошириш, билимини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бугун, 2022 йилнинг 10 январь куни Тошкент вилояти Паркент тумани Сўқоқ қишлоғидаги “Кунгай” жоме масжиди фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, имом домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар, саховатпеша тадбиркорлар иштирок этди.

Масжиднинг эски биноси 1880 йил ҳашар йўли билан қурилган эди. Бор-йўғи 350 кишини ўз бағрига оладиган масжид сўнгги йилларда намозхонларга торлиқ қилиб қолди. Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда 2019 йил май ойида янги масжид қурилишини бошлаб юборди.

Орадан икки ярим йил ўтгач, Сўқоқда гўзал маърифат маскани қад ростлади. Ҳомийлар маблағлари ҳисобидан бунёд этилган жомеда айни пайтда 2–2,5 минг киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин.

Янги жомега мос тарзда замонавий таҳоратхона ҳам қурилди. Поклик масканида барча шарт-шароит яратилган.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Read 1373 times

Янгиликлар

Top