Ўзбекистон янгиликлари

“Мирзақосим ҳожи” жоме масжиди янги бинода иш бошлади

Андижон вилояти Балиқчи туманидаги Эски марказ маҳалласида жойлашган “Мирзақосим ҳожи” жомеъ масжидининг капитал таъмирланиб, кенгайтирилган янги биноси фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими, сектор раҳбарлари, диний идора вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жомеъ масжид очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда масжидлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни таъмирлаш, ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– Юртимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммасидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. – Шу боис ҳам бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз қалбида шукроналик туйғуси жўш урмоқда.

ЎзА хабарига кўра, туман ҳокимининг қарори билан бир ярим йил давомида масжидни замонавий тарзда таъмирлаш, ҳудудини кенгайтириш, намозхонларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди. Натижада бир пайтнинг ўзида беш минг нафар намозхон намоз ўқиб, эмин эркин ибодат қилиши учун зарур барча шароитлар яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1060 times

Янгиликлар

Top