Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси ИҲТ йиғилишида қатнашди

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси, Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Мақсудов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жидда шаҳрида ўтказилаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Юқори мартабали намояндаларининг йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Йиғилишда қатнашаётган ташкилотга аъзо 56 та давлат вакиллари жорий йил март ойида Покистон пойтахти - Исломобод шаҳрида бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирларининг 48-сессиясига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, сиёсий, иқтисодий, инсон ҳуқуқлари, халқаро ахборот, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишдаги резолюция лойиҳаларини муҳокама қилишди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, ИҲТ Ташқи ишлар вазирларининг 47-сессияси 2020 йил 27-28 ноябрь кунлари Нигер пойтахти Ниамей шаҳрида ўтказилган эди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон томони «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш» ҳамда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» ҳақидаги махсус резолюциялар тақдимотини ўтказди.

Иштирокчилар Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган резолюциялар, хусусан, Оролбўйича ҳақидаги ҳужжат минтақада экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини барпо этиш ва ҳудуд аҳолиси шароитини яхшилашга қаратилгани алоҳида таъкидладилар.

Мажлисда мазкур ҳужжат лойиҳаси маъқулланиб, ИҲТ Ташқи ишлар вазирларининг 48-сессиясида қабул қилиш учун тавсия этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1466 times

Янгиликлар

Top