Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Саудия элчисини қабул қилдилар

Бугун, 7 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Утайбийни қабул қилдилар.


Мулоқот аввалида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилаётганини ҳаётий мисоллар ила сўзлаб бердилар. Жумладан, янги масжидлар кўпаяётгани, мадрасалар фаолияти ривожланаётгани ва мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилаётганига алоҳида тўхталдилар.


Муфтий ҳазратлари охирги йилларда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида бир қатор соҳаларда самарали ҳамкорлик ўрнатилганини алоҳида қайд этиб, жорий йилги умра мавсумида ҳозирги пайтга қадар 16 минг нафардан зиёд зиёратчи умра амалини адо этиб келгани, бу борада кўрсатилган хизматлар учун элчихона ходимларига Аллоҳ таолодан ажру мукофотлар тиладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Рамазон ва келгуси мавсум учун тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот бердилар.


Элчи жаноблари жавоб сўзида қабул учун миннатдорлик билдириб, кун сайин Ўзбекистонга ҳурмати ва эҳтироми ошиб бораётганини билдирди. Президент Шавкат Мирзиёев диний-маърифий соҳага катта эътибор бераётгани, масжид-мадрасаларни очиш, обод этиш йўналишида жуда катта ишлар қилинганини Элчи жаноблари эътироф этди.


Юсуф бин Солиҳ ал-Утайбий икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, хусусан диний-маърифий соҳаларда, айниқса, исломий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиришда ҳам муҳим эканини қўшимча қилди. Элчи жаноблари умра қилувчиларга хизмат кўрсатиш шарафлиги, бу борада элчихона ходимлари туну кун меҳнат қилишга тайёр эканини билдирди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев сўз олиб, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бораётганини таъкидлаш баробарида айни кунларда муборак заминда бўлиб турган ўзбекистонлик умрачиларга Подшоҳлик томонидан юксак эҳтиром кўрсатилаётганини билдирди.


Учрашув якунида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари элчи жанобларига Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятларига улкан муваффақиятлар тиладилар. Элчи ҳам самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга бор куч-ғайрати, билими ва тажрибасини қаратишга тайёр эканини изҳор этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1713 times

Янгиликлар

Top