Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин юракдан самимий табриклайман.

Барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан ютуқлар тилайман.

Бугунги файзли дамларда чет эллардаги ватандошларимизни ҳам Наврўз айёми билан қутлаб, уларга чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

 

Муҳтарам дўстлар!

Биз баҳор, яшариш ва янгиланиш фасли – Наврўзи оламни ҳамиша орзиқиб, интизорлик билан кутамиз.

Аммо, бу галги соғинчимиз чексиз, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам менинг фикримга қўшиласиз.

Чунки, коронавирус пандемияси туфайли биз кейинги икки йилда ушбу ардоқли байрамни халқимиз кутганидек юксак даражада нишонлай олмадик.

Мана, ниҳоят, Наврўз байрамини яна кексаю ёш барчамиз биргаликда катта шоду хуррамлик билан қарши олмоқдамиз.

Бугун Наврўз байрамини Сиз азизлар билан мана шу муҳташам “Ҳумо” саройида ўтказаяпмиз.

Чунки, барчангиз кўриб турибсиз – сўнгги ҳафтада юртимизда ҳаво совиб, ёғингарчилик юз бермоқда.

Аммо ҳаммамиз яхши тушунамизки, шу кунларда осмондан ёмғир эмас, оби раҳмат ёғмоқда, қут-барака билан ризқу рўз ёғмоқда. Бунинг учун Яратганга ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди.

Буюк аллома Ҳаким Термизий бобомиз ўзининг “Наврўзнома” китобида “Наврўзи олам душанба куни кирса, ёмғир, қор ёғади, деҳқончилик, ҳосил мўл бўлади – йил тўқчиликда ўтади”, деб ёзганлар.

Бу фикрлар бугун – айни душанба куни Наврўзни кутиб олаётган эл-юртимизнинг эзгу орзу-ниятлари билан уйғун ва  ҳамоҳанг десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Биз мамлакатимизда бошлаган улкан ислоҳотларимизни давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастурини қабул қилдик.

Меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз миллий ривожланишнинг янги даврига улуғвор мақсад ва амалий ишлар билан кириб бормоқда.

Бунинг тасдиғини биз бугун ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва овуллар, шаҳарларимиз мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Юртимизда юзлаб замонавий корхоналар, йўл ва коммуникация тармоқлари, шинам турар-жойлар, янги боғча ва мактаблар, олийгоҳлар ҳамда маданият масканлари, тиббиёт ва спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Барча ҳудудларимизда “Янги Ўзбекистон” боғлари, “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд қилинмоқда.

“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари қаторида  бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу бектакрор айёмда Наврўзнинг олижаноб қадриятларидан куч-қувват ва илҳом олган халқимиз  маҳаллаларда ҳашарлар қилиб, кўчат ва гуллар экиб, янги-янги  боғ-роғлар, сайилгоҳлар яратмоқда.

Айтиш мумкин-ки, айни пайтда бутун мамлакатимиз байрам кайфияти ва бунёдкорлик руҳи билан яшамоқда.

 

Қадрли дўстлар!

Маълумки, дунёда турли байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Лекин инсон қадри ва шаънини улуғлашда Наврўз айёми алоҳида ўрин тутади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади.

Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради.

Шу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаймиз.

Бугунги мураккаб дунёда халқимиз ҳаётини, фарзандларимиз келажагини, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканимизни янада чуқурроқ ҳис этамиз.

Наврўз байрами мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан  қатъи назар, барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига, энг севимли ва ардоқли айёмга айлангани билан  чексиз фахрланамиз.

Айни шу кунларда бағрикенг диёримизда миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳурмат, саховат ва мурувват туйғулари яққол намоён бўлмоқда.

Инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишларимиз доирасида кенг жамоатчилик уйма-уй юриб, беморлар, кекса ва ногиронларга, кўмакка муҳтож оилаларга меҳр-оқибат, амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Биз, барча ҳавас қиладиган бундай боқий урф-одатларимизни кўз қорачиғидек асраб, азиз фарзандларимизни мана шундай юксак одамийлик руҳида тарбиялашни давом эттиришимиз лозим.

Ушбу имкониятдан фойдаланиб, Халқаро Наврўз куни муносабати билан барча хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизни, бугунги байрамимизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларини улуғ айём билан табриклаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаймиз.

 

Азиз юртдошлар!

Эртага юртимизда яна бир қутлуғ байрам – Маҳалла куни кенг нишонланади. Маҳалла биз учун Ватан ичра кичик ватандир.

Шу боис, биз инсон қадрини маҳалла билан уйғун ҳолда тасаввур этамиз. Маҳалла тинч бўлса – бутун юртимиз тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакатимиз фаровон бўлади.

Айни шу сабабли, ҳаётимизда маҳалланинг ўрни ва нуфузини ошириш, унинг ваколат ва имкониятларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

“Маҳаллабай” ишлаш асосида аҳолининг яшаш шароитларини, ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, одамларимизнинг соғлиғини асраш, ижтимоий муаммоларни ечиш, хотин-қизлар ва ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларни иш ўринлари ва уй-жой билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларимиз  янги босқичга чиқмоқда.

Доимо эл-юрт хизматида бўлиш, унинг ташвиш ва муаммолари  билан яшаш,  барча даражадаги раҳбар ва мутасаддилар учун фаолият мезонига айланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш мақсадида астойдил хизмат қилаётган барча-барча инсонлар – маҳалла раислари ва фаолларини, муҳтарам нуронийлар ва халқ ноибларини, кайвони опа-сингилларимизни, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларини самимий табриклаб, уларга янги зафарлар ва омадлар тилайман.

 

Азиз дўстлар!

Мана шу баракали кунларда ризқу насибамиз бунёдкори бўлган миришкор деҳқон ва фермерларимиз, соҳибкор боғбон ва чўпонларимиз яхши кайфият ва эзгу ниятлар билан қадрдон далалари ва боғлари, яшил яйловлари томон йўл олмоқдалар.

Уларнинг барчасини чин дилдан қутлаб, янги мавсумда ишларига ривож ва омадлар тилаб, ҳосилимиз мўл, хирмонларимиз баланд бўлсин, деб пок ниятлар қиламиз.

 

Ҳурматли юртдошлар!

Наврўз ва ёшлик тушунчалари бир-бирига бағоят яқин ва муштаракдир.

Бугун азму шижоатли миллионлаб фарзандларимизга ғурур билан қарар эканмиз, бу ҳақиқатга такроран ишонч ҳосил қиламиз.

Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда, эзгу орзу-интилишлар билан ҳаётга кириб келаётган ёш авлодимизга – азиз болаларимга мурожаат қилиб айтмоқчиман:

Қадрли ўғил-қизларим, сизлар мустақил, эркин ва обод Ватан бағрида вояга етмоқдасиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, бебаҳо бойлик ва катта бахт, айни вақтда чексиз масъулиятдир.

Нега деганда, ота-оналар, устозларингиз бошлаган улкан ишларни эртага айнан сизлар давом эттирасиз.

Бу улуғ вазифага ҳозирдан тайёр бўлишингиз, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашингиз, муқаддас Ватанимизни кўз қорачиғидек асрашингиз, унга ҳамиша содиқ бўлиб яшашингиз зарур.

Доимо ёдингизда бўлсин – биз интилаётган юксак марраларга, ҳеч қачон ўз-ўзидан, осонлик билан эришиб бўлмайди.

Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни халқимизнинг буюк қудратидан куч олиб, бугунги ва эртанги авлодимиз бунёд этади.

Сизлар бўлғуси Хоразмий ва Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Синолар, Улуғбек ва Навоийлар, Бобурлар сифатида Ватанимиз шону-шуҳратини бутун дунёга, албатта, тараннум этасизлар.

Илм ва ҳунар ўрганишдан, камолот сари парвоздан асло тўхтаманг. Доимо олдинга, юксак чўққиларга интилинг, азиз фарзандларим!

 

Муҳтарам юртдошларим, қадрдонларим!

Мана шу қутлуғ айёмда сиз, азизларни, бутун халқимизни Наврўз байрами билан, яна бир бор, чин қалбимдан муборакбод этаман.

Наврўзи олам ҳар бир инсон, ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, яхшилик ва файзу барака олиб келсин!

Муҳтарам отахон ва мўътабар онахонларимизнинг умрлари зиёда бўлсин!

Меҳрибон опа-сингилларимизнинг эзгу тилаклари рўёбга чиқсин!

Азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини берсин!

Жонажон Ватанимиз янада гўзал ва обод бўлсин!

Юртимиз тинч ва осойишта, халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!

Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!

Read 1177 times

Янгиликлар

Top