Ўзбекистон янгиликлари

"Ал-Қосимийя" университети ўзаро ҳамкорлик ўрнатилишидан манфаат кўради

Мамлакатимизнинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа амирлигида жойлашган "Ал-Қосимийя" университетининг ректори, профессор Аввад Ал-Халаф, ушбу университет мутасаддилари ҳамда мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув уюштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, ёшларнинг таълим олишлари ва улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилаётгани ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Суҳбат чоғида "Ал-Қосимийя" университети ректори Аввад Ал-Халаф томонидан Ўзбекистон Республикасида Қуръони карим илмлари, ислом иқтисодиёти ва молияси, араб тили ва адабиёти каби йўналишдаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқитувчи ва талабалар алмашувини йўлга қўйиш, узоқ муддатли малака ошириш курсларини жорий этишга қизиқиш билдирилди.

Шунингдек, Аввад Ал-Халаф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказига "Ал-Қосимийя" университетида чоп этилган илмий китоблар ва бошқа турли адабиётларни беғараз тақдим этишга, муассасалараро қўшма ўқув дастурлари ва модулларни ишлаб чиқишга ҳам тайёр эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга, у Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази билан ўзаро Англашув меморандумларини ишлаб чиқиш ва имзолаш юзасидан ҳам қизиқиш билдирди.

"Ал-Қосимийя" университети ректори Ўзбекистон олий таълим муассасалари ходимлари ҳамда талабалари мазкур университетнинг узоқ ва қисқа муддатли ўқув дастурларида қатнашишлари мумкинлигини ҳам қайд этди.

Бош консулхона вакиллари университетнинг Нодир қўлёзмалар фонди раҳбари Саъид ал-Миъдавий билан учрашдилар. Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Саъид ал-Миъдавий томонидан қўлёзмаларни каталоглаш ишларини амалга ошириш, қўлёзмаларни рақамлаштириш учун тасвирга олиш ва ишлов бериш орқали уларнинг фотонусхаларига эга бўлиш, қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиб бериш, асл ҳолатига зарар етказмайдиган тарзда сақланиши учун уларга кимёвий усулда ишлов берувчи мутахассисларнинг илмий салоҳияти ва тажрибасидан фойдаланиш нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1227 times

Янгиликлар

Top