Тошкент шаҳридаги 102-заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида юртимиздаги шундай ижтимоий муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган оятни ёдга олди.
Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, элимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтгани бунинг ёрқин мисоли бўлди.
Инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш – давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши. Бу борада жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда.
Ўтган йили 25 мартда қабул қилинган Президент фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.
“Саховат”, Мурувват” уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди.
Ушбу интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ёлғиз фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.
“Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари, 1 минг 100 нафар шахс пультли аравачалар билан таъминланди.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари ўз ҳудудидаги тиббий-ижтимоий муассасаларга бориб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўргани, муаммоларни ўргангани ҳақида ахборот берди.
Жумладан, 12 та “Саховат” ва “Мурувват” уйида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, 6 та “Меҳрибонлик уйи”, имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 11 та мактаб-интернат таъмирга муҳтож.
Президент мутасаддиларга барча тиббий-ижтимоий муассасалар аҳволини яна бир бор чуқур ўрганиб, зарур қурилиш ва таъмирлаш ишларини қамраб олган ҳолда 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлашни вазифа қилиб қўйди.
Бундай муассасалардаги кексалар, ногиронлиги бўлган болалар ва шахсларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни манзилли даволаниш ва дам олишга йўналтириш бўйича топшириқ берилди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум кўплаб болалар оилаларга қайтаётгани, 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани сабабли ёпилгани қайд этилди.
– Болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофини кўрсатиб турибди. Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка бериш чораларини кўриш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тиббий-ижтимоий муассасалар директорлари сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилишда маҳаллаларни озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш вазифалари ҳам белгиланди.