Ўзбекистон янгиликлари

Бу йилги хатми Қуръонларни бутун дунё кузатмоқда

Юртимизга ойларнинг султони Рамазони шариф кириб келди. Бу ой мўмин-мусулмонлар учун тақво, ихлос, ўзаро меҳр мурувват, хайру саховат улашиш ҳамда Аллоҳ таолога муқарраб бўлиб жаннатга эришиш ва жаҳаннамдан озод бўлиш ойидир. Энг асосийси бу ой – Қуръон ойидир.


Бу йилги Рамазон ойи юртимизда ўзгача шукуҳли, файзли ўтмоқда. 1500 зиёд масжидларда 2400 дан ортиқ қориларимиз таровиҳ намозларида Қуръони карим хатмини бошладилар. Уларга юз минглаб юртдошларимиз кечалари соме бўлиб, Қуръонга ошно бўлмоқдалар. Қолаверса, 50 дан ортиқ масжиддаги энг моҳир қорилар томонидан ўқилаётган хатми Қуръонлар ижтимоий тармоқларда жонли-онлайн тарзда узатилмоқда. Бу эса жаҳон офкор оммасининг юртимизда бўлаётган Қуръони карим хатмоналаридан баҳраманд бўлишига ҳам хорижда юрган юртдошларимизнинг Қуръонга, Ватанларига муҳаббатлари янада зиёда бўлишига сабаб бўлмоқда.
Ўз ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойини мамлакатимизда мана шундай муносиб ўтказиш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.


2022 йил 31 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларини иштирокида муборак Рамазон ойини кўтаринки руҳда, ўтказиш, Қуръони карим хатмоналарини юқори савияда ташкил этиш масаласи бўйича аниқ режалар белгилаб берилган эди. Шу асосда идоранинг тегишли бўлимлари томонидан Тошкент шаҳрининг 120 дан ортиқ масжидида Қуръони каримни хатм қилиб берадиган қорилар босқичма босқич имтиҳон асосида саралаб олинди.


Шунингдек, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан 1443/2022 йилги Рамазон ойида Тошкент шаҳри масжидларида таровиҳ намозларида ўқиладиган хатми Қуръоннинг кунлик жадвал тақсимоти ишлаб чиқилди. Унга кўра, хатми Қуръонлар рўзанинг биринчи кунидан бошлаб, 27 санаси – Қадр кечасида якунланиши белгиланди. Ушбу тартибнинг жорий қилиниши илк бора мазкур Рамазон ойидан бошланди. Бундан кўзланган мақсад Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлиш ва бир вақтнинг ўзида пойтахтдаги масжидларда муборак кечада жамланган Қуръон шайдоларининг дуолари барокатига сазовар бўлишдир.


Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, қилаётган ибодатларимизни ўз даргоҳига қабул айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1145 times

Янгиликлар

Top